Жиноятчилик профилактикасида манзилли ёндашув: Сирдарё вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг илғор тажрибаси
2026-09-15 09:00:00 / Янгиликлар

Жамият тинчлиги, аввало, инсон ўз маҳалласи, кўчаси ва хонадонида ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши билан ўлчанади. Шу боис бугун жамоат хавфсизлигини таъминлашда жиноят содир этилгандан кейин чора кўриш эмас, балки уни келтириб чиқарувчи омилларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга устувор аҳамият берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва ички ишлар органлари фаолиятини аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган сўнгги қарор ва фармонларида ҳам ана шу ёндашув устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Сирдарё вилоятида ўрганишлари давомида ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ана шу талаблар асосида таҳлил қилинди.
Ўрганишлар Сирдарё туманидаги «Камолот» маҳалласидан бошланди. Бу ерда маҳалла еттилигининг ўзаро ҳамкорлиги, профилактика инспекторининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, муаммоли тоифадаги шахслар билан манзилли ишлаш ҳолати кўздан кечирилди.
Бугунги кунда, маҳалла жиноятчиликка қарши курашишнинг энг қуйи бўғини эмас, балки профилактиканинг асосий майдонига айланмоқда. Муаммони унинг илк белгилари намоён бўлган пайтда аниқлаш, оилавий ва ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал ишлаш — жиноятчиликни жиловлашнинг энг самарали усулларидан биридир. Бу борада масъулларга профилактика мазмунини тубдан ўзгартириш, кўпроқ ҳуқуқбузарлик аниқлаш эмас, балки уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Туман Ички ишлар бошқармасида ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари, навбатчилик қисмининг фаолияти ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳам ўрганилди. Чунки аҳоли хавфсизлигини таъминлашда фуқаронинг ички ишлар органига қилган мурожаатига тезкор ва самарали муносабат билдириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир мурожаат ҳудуддаги муаммо ёки хавфни кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида қаралиши керак.
Тадбир давомида Янгиер шаҳридаги «Сунъий интеллект ва кибер марказ»да робототехника хоналари кўздан кечирилиб, киберхавфсизлик йўналишидаги лойиҳалар тақдимоти тингланди.
Бу йўналиш бугунги жамоат хавфсизлиги тушунчасининг мазмуни кенгайиб бораётганини кўрсатади. Рақамли технологиялар ривожланган сари кибермакондаги таҳдидларга қарши курашиш, фуқароларни рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш ва ёшларнинг киберхавфсизлик бўйича билимларини ошириш ҳам ички ишлар органларининг муҳим вазифалари қаторига кирмоқда.
Ховос туманида барпо этилаётган 8-сон тергов ҳибсхонасидаги қурилиш ишлари, туман ички ишлар бўлимида ходимлар учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.
Гулистон шаҳридаги «Обод юрт» маҳалласида маҳалла еттилигининг ҳамкорликдаги фаолияти билан танишилиб, нуронийлар билан мулоқот қилинди. Бу эса жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла фаоллари ва ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.
Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармасида тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряд учун барпо этилаётган маъмурий бино, янгидан қурилаётган «Динамо» спорт мажмуаси ҳамда автотураргоҳдаги моддий-техник база ва мавжуд имкониятлар билан танишилди.
Замонавий жамоат хавфсизлиги тизими нафақат янги ёндашувлар, балки муносиб хизмат шароити, замонавий инфратузилма, техник имкониятлар ва профессионал кадрни ҳам талаб этади. Ходимнинг хизмат вазифасини самарали бажариши учун яратилган шароит, ўз навбатида, аҳоли хавфсизлигига хизмат қилади.
Ўрганишлар якунида вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва соҳавий хизматлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш ва аҳолининг тинч-осойишталигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Масъулларга ҳудудлардаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, профилактик ишларни кучайтириш ва хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда бу борада Сирдарё тажрибасини яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.









