Давлат раҳбари топшириқларининг аниқ натижаси жойларда кўринади: Хоразмда ички ишлар органлари фаолияти ва хавфсизлик тизими самарадорлиги ўрганилди
2026-09-06 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида хизмат фаолиятини ўрганди.
Тадбир вилоят Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби билан ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган масалалар муҳокамасидан бошланди.
Жараёнда ҳудудда қурилаётган Ягона тезкор бошқарув марказидаги қурилиш жараёнлари кўздан кечирилди. Объектнинг белгиланган муддат ва сифат талаблари асосида барпо этилиши, марказнинг ҳудуддаги тезкор бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Урганч шаҳридаги «Навбаҳор» маҳалласида маҳалла еттилиги билан учрашув ўтказилиб, ҳудуддаги криминоген вазият, профилактика ишлари ва «қизил» тоифага киритилган оилалар билан манзилли ишлаш ҳолати муҳокама қилинди. Муаммони оқибати билан эмас, унинг сабаби билан ишлаш, профилактика чораларини кучайтириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
Урганч шаҳар ИИБ навбатчилик қисми фаолияти билан танишилиб, мурожаатларни қабул қилиш, хабарларга тезкор муносабат билдириш ва куч-воситаларни самарали бошқариш жараёнлари кўриб чиқилди. Бўлим ҳудудидаги ободонлаштириш ишлари ҳам баҳоланди.
Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш изолятори фаолияти ўрганилиб, сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар, қонунийлик ва белгиланган тартибларга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Урганч деҳқон бозорида жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳолати ўрганилди. Миллий гвардия ҳамда профилактика инспектори билан мулоқотда бозор ҳудудидаги хавфсизлик чоралари ва идоралараро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва вазифалар берилди. Асосий талаб — белгиланган топшириқларнинг қоғозда эмас, жойларда аниқ натижа билан ифодаланишидир.









