Халқаро эътибор марказидаги Самарқанд — юксак ишонч, улкан масъулият ва мустаҳкам хавфсизлик
2026-08-01 00:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини тобора юксалтириб бормоқда.
Айниқса, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд бугун халқаро мулоқот ва ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланмоқда.
Айни кунларда шаҳарда Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII Бутунжаҳон конференцияси ўтказилмоқда. Мазкур тадбир ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки, парламентлараро мулоқот ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, 10–29 сентябрь кунлари 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 12–13 сентябрь кунлари эса «World Triathlon Para Series-2026» ҳамда «Challenge Samarkand-2026» халқаро спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Имом ал-Бухорийнинг ҳадис хатми — ҳадисшунослик мусобақаси ҳамда «Бутунжаҳон сувни тежаш» халқаро форуми ҳам Самарқандда бўлиб ўтиши белгиланган.
Ушбу тадбирларнинг ҳар бири алоҳида йўналишга тааллуқли бўлса-да, уларни бирлаштириб турган муҳим жиҳат бор: улар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи, тинчлиги, барқарорлиги ва ташкилий салоҳияти намоён бўладиган улкан майдондир. Шу боис уларни муносиб даражада ўтказиш фақат ташкилий вазифа эмас, балки мамлакат нуфузи, миллий манфаатлар ва хавфсизлик билан бевосита боғлиқ муҳим вазифадир.
Мазкур халқаро тадбирларнинг хавфсиз ва барқарор муҳитда ўтишлари алоҳида назоратга олинган. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида вилоятдаги криминноген вазият, тадбирларга тайёргарлик ҳолати, куч ва воситаларнинг шайлиги атрофлича ўрганилди.
Тегишли мутасаддиларга жамоат тартибини таъминлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш, хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Тайёргарлик доирасида Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Самарқанд туризм марказидаги «EXPO» маркази кўздан кечирилди. Тадбирлар ўтказиладиган объектларнинг ҳолати, хавфсизликни таъминлаш имкониятлари, зарур куч ва воситаларнинг жойлашуви ўрганилди. Самарқанд туризм марказида тадбирларга жалб этиладиган куч ва воситаларнинг тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилиб, мажлислар залида халқаро тадбирларни ташкил этиш юзасидан тайёрланган тақдимот билан танишилди.
Тадбирлар давомида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ва хорижий меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ҳаракатини мувофиқлаштириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва эҳтимолий ҳолатларга тезкор жавоб қайтариш масалалари бўйича кўрилаётган комплекс чоралар кўздан кечирилди.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, барқарор тараққиётга интилиши ва халқаро ҳамкорликка очиқлиги яна бир бор намоён бўлаётганлиги, уларнинг хавфсиз ва юқори савияда ўтиши эса давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалардан юксак интизом талаб этиши маъсулларга тушунтирилди.









