Хоразмда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида жамоат хавфсизлиги ва ички ишлар органлари олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
2026-09-05 12:30:00 / Янгиликлар

Хоразм вилоятида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов, халқ депутатлари Кенгаши аъзолари, масъул идоралар ва ҳамкор ташкилотларнинг раҳбарлари, шаҳар ва туманлар жамоатчилик фаоллари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ва ходимлари қатнашди.
Сессияда дастлаб кун тартибида белгиланган ташкилий масала муҳокама этилди.
Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғи асосида, Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси подполковник Каимходжаев Ойбек Абдукаримович Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум қилинди.
Шунингдек, сессия давомида вилоятдаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ва профилактика ишларини кучайтиришга қаратилган қарор ҳамда топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, янги раҳбар зиммасига нафақат жиноятчиликка қарши курашиш кўлами ва самарадорлигини ошириш, балки ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги, таъсирчан механизмларини ҳаётга татбиқ этишдек муҳим ва масъулиятли вазифалар юкланди.
Тадбирда, хавфсиз муҳитни таъминлаш, аввало, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиш, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида аниқлаб, уларни бартараф этишдан бошланиши таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларига, профилактик ишларни формал тадбирлар доирасидан чиқариб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётидаги муаммоларга манзилли ёндашув асосида ташкил этиш, мурожаатлар ортида турган асл сабаб ва омилларни чуқур таҳлил қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқлаб, манзилли бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Сессия якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, вилоятда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини оширишга қаратилган навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.




