Мустақиллик — муқаддас неъмат, тинчлик — юксак масъулият: Ватан осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётганлар сафида
2026-09-02 11:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигининг катта саф майдонида юраги Ватан фахри, халқ тақдири ва юрт осойишталиги учун жўш ураётган фидойи ходимлар саф тортди. Бу ерда мужассам бўлган тантанавор руҳ, ҳарбий интизом ва юртга садоқат тимсоли бўлган сафлар мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат умумхалқ байрами, балки Ватан тақдири учун масъулиятни яна бир бор чуқур ҳис этиш айёми эканини намоён этди.
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган эзгу ғоя остида ўтаётган истиқлол тантаналари бугун ҳар бир юртдошимиз қалбида акс-садо бермоқда. Айниқса, тинчлик ва осойишталикни таъминлашдек шарафли, аммо масъулиятли вазифани зиммасига олган ички ишлар органлари ходимлари учун бу байрамнинг мазмун-моҳияти янада теран. Зеро, Ватан мустақиллиги, халқ хотиржамлиги ва юрт тинчлиги бир-биридан ажралмас тушунчалардир.
Тантанали тадбирни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов очиб берди. Йиғилганлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси юксак руҳ ва ифтихор билан ижро этилди.
Шундан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, инсон қадрини улуғлаш ва халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган улкан натижалар ўз ифодасини топди.
Тантанали тадбирнинг аввалида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тарихи давомида юрт осойишталигини таъминлаш йўлида жон фидо этган, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган марҳум ходимлар хотирланди. Уларнинг порлоқ хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Бугун осойишта ҳаётимиз, хотиржам кунларимиз замирида ана шундай фидойи инсонларнинг жасорати, матонати ва Ватан олдидаги беқиёс хизмати бор. Уларнинг қаҳрамонлиги авлодлар учун ибрат, касбдошлари учун эса муқаддас масъулият мактабидир.
Шундан сўнг халқимизга садоқат билан хизмат қилиб келаётган, ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, касбдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ходимларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан берилган давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Мукофот — меҳнатга берилган оддий баҳо эмас. Унда Ватан ишончи, халқ эътирофи ва хизматга берилган юксак қадр мужассам. Шу боис қўлга киритилган ҳар бир орден ва медаль ходимлар учун нафақат фахр, балки зиммасидаги масъулиятни янада чуқур ҳис этиш, янги марралар сари дадил қадам ташлашга даъватдир.
Давлат мукофотлари билан бир қаторда, вазирликнинг идоравий кўкрак нишонлари, муддатидан аввал махсус унвонлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги кўкрак нишонлари ҳам ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
Бундай эътирофлар, энг аввало, хизматдаги фидойилик ва садоқатни рағбатлантириш билан бирга, ёш ходимларни ҳам касбга янада масъулият билан ёндашишга, эл-юрт ишончини оқлашга ундайди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ички ишлар органлари тизимининг 35 йиллик тараққиёт йўлини қамраб олган видеолавҳа намойиш этилди. Унда мустақилликнинг дастлабки йилларида юзага келган мураккаб вазиятлар, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида кўрилган чора-тадбирлар, тизимнинг босқичма-босқич такомиллашуви, соҳавий хизматлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятидаги муҳим воқеалар ўз аксини топди.
Шундан сўнг тантанали тадбир байрамона концерт дастурига уланди. Ватан мадҳи, тинчлик ва осойишталик қадри, шарафли хизмат йўли тараннум этилган қўшиқлар янгради. Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи хонандалари ҳамда эл ардоғидаги санъаткорларнинг дилбар чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлаб, истиқлол айёми шукуҳини янада оширди.
Зеро, бу юртга байрамлар, яхши кунлар ва қувончли лаҳзалар ярашади. Чунки тинчликсевар халқимиз азалдан осойишталикни энг улуғ қадриятлардан бири деб билган. Бугунги фаровон ҳаёт, фарзандларимизнинг хотиржам кулгиси, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишонч билан боқиши — барчаси тинчликнинг нақадар буюк неъмат эканини англатади.
Бу неъматни асраш эса барчамизнинг бурчимиз. Аммо унинг қадрини тинчлик посбонлари — Ватан сарҳадлари ва жамоат осойишталиги ҳимоясида турган фидойи инсонлар, шубҳасиз, янада чуқурроқ ҳис этадилар. Чунки улар ҳар куни хизмат либосини кийганида ўз олдига бир улуғ мақсадни — халқ тинчлиги ва Ватан осойишталигига муносиб хизмат қилиш вазифасини қўяди.
Ўттиз беш ёшинг муборак бўлсин, Мустақил Ўзбекистоним!









