Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашда янги имкониятлар — юксак масъулият ва натижадорлик сари
2026-09-01 14:00:00 / Янгиликлар

Нурафшон бугун мамлакатимизнинг шиддат билан ривожланиб, янги қиёфа касб этаётган марказларидан бирига айланмоқда. Шаҳар деярли тўлиқ қайта қурилиб, замонавий меъморий ечимлар асосида янги бинолар, хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, давлат ва ҳокимият органлари учун мўлжалланган иншоотлар қад ростламоқда. Йўл ва транспорт инфратузилмаси ҳам замонавий талаблар асосида такомиллаштирилмоқда.
Тошкент вилоятида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда ҳам Нурафшон шаҳри алоҳида аҳамият касб этади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди учун барча зарур шароит ва имкониятларга эга бўлган янги бино фойдаланишга топширилди.
Янги иншоотда яратилган замонавий шароитлар тезкор тузилмалар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳаракатчанлиги ва сафарбарлигини ошириш, юзага келиши мумкин бўлган мураккаб вазиятларга тезкор ва самарали жавоб қайтариш имконини беради.
Тадбирда иштирок этган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов отряднинг тезкор ходимларини тайёрлашда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш, машғулотларни шу асосда ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, замонавий таҳдидларга, хусусан, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик ва нарколабораториялар фаолиятига қарши курашишда отряд имкониятларидан унумли фойдаланиш, ходимларнинг касбий ва амалий кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш зарурлиги қайд этилди.
Зеро, Янги Ўзбекистон ички ишлар органи ходими нафақат жисмонан бақувват ва ақлан салоҳиятли, балки ҳар қандай вазиятда тезкор ва тўғри қарор қабул қила оладиган, психологик босимларга хотиржамлик билан бардош берадиган, замонавий технологиялардан моҳирона фойдалана оладиган профессионал мутахассис бўлиши лозим.
Бу эса, аввало, мустаҳкам ва самарали тизимни шакллантириш, соҳага фидойи ва салоҳиятли ёшларни кенг жалб этиш, тажрибали мураббийлар мактабини яратиш ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган профессионал тезкор ходимларни тайёрлашни тақозо этади.
Тезкор тузилмалар фаолиятига ана шу ёндашувларни изчил ва самарали татбиқ этиш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.
Тадбир иштирокчилари яратилган янги шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишиб, соҳага илғор техник ишланмаларни жорий этиш, ходимларни тайёрлаш ва уларнинг касбий маҳоратини оширишда замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашдилар. Яқин истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Чунки ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги, биринчи навбатда, биноларнинг кўркамлиги ёки техник жиҳозларнинг замонавийлиги билан эмас, балки ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона ва самарали фойдаланилаётгани, халқнинг розилиги ҳамда ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида эришилаётган аниқ натижалар билан баҳоланади.
Янги бино — янги имконият. Янги имконият эса — янада юксак масъулият ва натижадорлик демакдир.
Зеро, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи билан уйғунлашган ушбу янгиланишнинг асл мазмуни ҳам бир ҳақиқатда мужассам: инсон қадри улуғланган юртда унинг тинчлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган тизим ҳам замонавий, самарали ва халқчил бўлиши шарт.









