Халқ осойишталиги йўлидаги хизмат учун — муносиб шароит: Пискент тумани ИИБ янги биноси фойдаланишга топширилди
2026-09-01 07:55:00 / Янгиликлар

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналари кенг нишонланаётган айни шукуҳли кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Энг муҳими, бу янгиланишлар инсон қадри ва унинг муносиб ҳаёт кечиришига хизмат қилмоқда.
Бу эзгу жараён Тошкент вилоятининг Пискент туманида ҳам ўзига хос аҳамият касб этди. Туман ички ишлар бўлимининг замонавий, барча зарур шарт-шароитларга эга янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти, туман ҳокимлиги вакиллари, соҳа фахрийлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, мазкур замонавий маскан, аввало, муҳтарам Президентимиз томонидан ички ишлар органларига, улар зиммасидаги ғоят масъулиятли вазифаларга, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдек улуғ мақсадга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.
Зеро, бугун мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, ходимларнинг самарали хизмат қилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, аҳоли билан очиқ ва яқин мулоқотни йўлга қўйиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Тантанали лаҳзаларда қизил лента фахрийларнинг баракали қўллари билан қирқилиб, янги масканга илк қадамлар қўйилди.
Бу оддий бир бинонинг очилиши эмас. Бу — Пискент туманида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли билан самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида янги имкониятлар эшиги очилганини англатади.
Зеро, Пискент тумани Ички ишлар бўлимининг аввалги маъмурий биноси собиқ Иттифоқ даврида — 1967 йилда барпо этилган эди. Қарийб 60 йил давомида ушбу масканда минглаб ички ишлар ходимлари халқ тинчлиги ва осойишталиги йўлида шарафли хизматни амалга оширдилар.
Бир неча авлод ходимларининг хизмат фаолиятига гувоҳ бўлган ушбу маскан ўз тарихига эга эди. Энди эса ана шу тарихий анъаналар замонавий шароитларда давом эттирилади.
Сўнгги талаблар асосида қайта қурилган янги маъмурий бино аввалгисидан нафақат кўриниши, балки имкониятлари билан ҳам тубдан фарқ қилади. Илгариги бинода 19 та хизмат хонаси мавжуд бўлган бўлса, эндиликда ходимлар ихтиёрига 46 та қулай ва шинам хизмат хонаси топширилди.
Тадбир давомида меҳмонлар ҳар бир хизмат хонасида ходимлар учун яратилган шароитлар, куч ва воситаларни бошқаришда қўлланилаётган замонавий технологик ечимлар, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Бу шароитларнинг барчаси бир мақсадга — ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифасини янада самарали, тезкор ва сифатли бажаришига хизмат қилиши лозим.
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ҳам хизмат шароитларининг яхшиланиши ходимлар зиммасига қўшимча масъулият юклашини алоҳида таъкидлади.
Шароит яхшиланган сари хизмат сифати ҳам, натижа ҳам юқори бўлиши шарт.
Бу — бугунги ички ишлар органлари ходимига қўйилаётган талабнинг аниқ ифодасидир.
Янги имкониятлар, аввало, халққа хизмат қилиши керак. Фуқаро ўз муаммоси билан ички ишлар органига мурожаат қилганида ортиқча оворагарчиликка дуч келмаслиги, унинг мурожаати эътиборсиз қолмаслиги, ҳар бир масалага қонуний ва адолатли ёндашув таъминланиши лозим.
Пискент тумани Ички ишлар бўлими жамоаси сентябрь ойини ана шундай замонавий ва муносиб хизмат шароитида бошлайди.
Эндиликда янги бино ходимлар учун шунчаки хизмат маскани эмас, балки халқ ишончи ва тинчлигини таъминлаш йўлидаги масъулиятли меҳнатнинг янги манзили бўлади.









