Озарбайжон Элчисининг Ички ишлар вазирлигига эҳтиром ташрифи доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-08-20 12:25:00 / Янгиликлар

Бугун, 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов билан Озарбайжон Республикасининг мамлакатимизга янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рашад Эйнаддин ўғли Маммадов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида икки давлат ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, жиноятчиликка қарши курашиш, терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотраффик ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Томонлар икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини қайд этиб, истиқболли вазифаларни белгилаб олдилар.



