Янги авлод раҳбарлари — юксак ишончга муносиб, замонавий билим ва масъулиятга эга Янги Ўзбекистон ички ишлар тизимининг ишончли таянчи
2026-08-15 19:15:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичини тамомлаб янги авлод кадрлари сифатида амалиётга йўл олаётган офицерлар учун бугун унутилмас кун. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия қўмондонлиги вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари қатнашган тантанали тадбир битирувчиларнинг хизмат фаолиятидаги янги босқични бошлаб берди.
Тадбирни очиб берган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, фаолият самарадорлигини замон талабларига мос равишда такомиллаштириб бориш муҳтарам Президентимизнинг доимий эътиборларидаги асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб келаётганлигини эътироф этди.
2022–2026 йилларда магистратурани 475 нафар тингловчи тамомлади. Улардан 109 нафари ташкилий-стратегик, 363 нафари ташкилий-тактик бошқарув, 3 нафари илмий-педагогик фаолият мутахассисликлари бўйича тайёрланди.
Таълим жараёни тўртта модул асосида ташкил этилди: кадрлар билан ишлаш, жамоат хавфсизлиги, тергов ҳамда тезкор-қидирув фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш.
Ўқув режаси “Ахборот-таҳлил фаолиятини ташкил этиш”, “Бошқарув фаолияти ва раҳбарлик санъати”, “Алоҳида шароитларда ички ишлар органларини бошқариш”, “Куч ва воситаларни бошқариш ҳамда мувофиқлаштириш”, “Ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишни ташкил этиш” каби замонавий фанлар билан бойитилди. Жорий йилдан киберхавфсизлик, электрон ахборот тизимлари ва таъминловчи бўлинмалар фаолиятига оид янги фанлар ҳам жорий этилди.
Таълим жараёнига ички ишлар вазири ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, давлат бошқаруви органлари ва етакчи мутахассислар жалб этилди. Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби профессорлари иштирокида “Ахборот-таҳлилий фаолият асослари” йўналиши бўйича махсус курслар ташкил қилиниб, генераллар ва фахрийлар иштирокидаги “Устознинг шогирдга ўгитлари“ мастер-класслари раҳбарлик тажрибасини ёш авлодга етказишга хизмат қилди.
Рақамли бошқарув кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Инҳа университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда IT Parkда махсус ўқув курслари ташкил этилди.
Амалиёт жараёнлари давомида улар Хитой, Туркия, Венгрия, Россия, Озарбайжон ва бошқа давлатларга тажриба алмашиш учун юборилди.
Айнан Давлатимиз раҳбарининг қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий қилинди. Магистратура фаолияти “ташкилий-стратегик бошқарув” “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассисликлари бўйича раҳбар кадрлар ҳамда “илмий-педагогик фаолият” мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлашга қаратилди.
Албатта бу имкониятларнинг барчаси ўз салоҳияти, билими ва тажрибаси, энг муҳими замонавий дунёқараши билан юртимиз тинчлиги учун, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда ўзига хос мактаб ярата оладиган Янги Ўзбекистон ички ишлар органларининг салоҳиятли раҳбарларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилди.
Шундан сўнг, магистратурани тамомлаган 95 нафар битирувчилар бўйича буйруқ ўқиб эшиттирилди ва уларнинг ҳар бирига диплом ва кўкрак нишонлари топширилди.
Тантанали тадбирда бир сафда тизилган бўлажак раҳбарлар қалбидаги шижоат, эртанги кунга бўлган юксак ишонч Академияда ўзлаштирилган замонавий билимлар билан бирлашиб, уларнинг салоҳиятини янада оширади.
Тадбирда сўз олганлар бугун битирувчи сифатида диплом топширилган офицерлар орасидан бўлажак генераллар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларининг раҳбарлари, энг асосийси ватанпарвар офицерлар етишиб чиқишига ишонч билдиришди.
Шу тариқа юксак ишонч ортидан Академия профессор-ўқитувчиларнинг маслакдошига айланган, илғор чет эл мамлакатларида амалиёт ўтаган, узоқ йиллик тажрибага эга ходимларнинг мастер-классларида кўникма орттирган ёш раҳбарлар, масъулиятли вазифага киришиш учун хизмат ҳудудларига йўл олишди.









