Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва хизмат самарадорлигини ошириш: Ички ишлар вазирлигида жорий йилнинг иккинчи чораклик фаолият сарҳисоб қилиниб, келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди
2026-08-11 11:00:00 / Янгиликлар

Йил давомида амалга оширилган хизмат фаолияти натижалари сарҳисоби, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш, йўл қўйилган камчиликларни ўз ўрнида бартараф этиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тизимида доимий равишда Ҳайъат йиғилишлари ўтказиб келинади.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги Ҳайъат йиғилиши жорий йилнинг иккинчи чорагида амалга оширилган вазифаларга бағишланган бўлиб, ҳайъат аъзолари, соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органларининг шахсий таркиби иштирок этди.
Йиғилишда, биринчи навбатда 2026 йилнинг 6 ойда Республика ҳудудидаги криминоген вазият, содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар муҳокама қилинди. Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда самарадорликни ошириш, тезкор-қидирув тадбирлари ва жиноятларни фош этишда татбиқ қилинаётган янгича ёндашувлар ижобий натижа бераётганлиги қайд этилди.
Жорий йилда жами 125 387 та сиёсий, маданий, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилиб, уларда жами 70 млн. дан ортиқ фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланди.
Ҳисобот даври натижаларига кўра жами 5 778 та (64 фоиз) маҳалларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шу билан бирга 476 та маҳаллар “қизил” тоифада қолаётганлиги кескин танқид қилинди.
Таъкидланишича, жиноятчиликка қарши курашиш, ижтимоий хавфли жиноятларни фош этиш ва олдини олиш борасидаги ёндашув тубдан ўзгартирилиб, жиноятларни прогноз қилишнинг янги механизми яратилгани натижасида ҳисобот даврида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 87 фоизи фош этилиб, жабрланувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланди.
Ходимларнинг тезкорлиги, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиши ҳамда алоҳида фуқароларнинг фаоллиги натижасида жиноятларни аниқланиши кўрсаткичи 31.4 фоизга яхшиланди. Бунинг натижасида фуқароларга етказилган жами 1 трлн 365 млрд сўмлик моддий зарар қоплаб берилди.
Суд ва тергов органларидан яшириниб, жавобгарликдан қочиб юрган қидирувдаги 5 010 нафар шахс қўлга олиниб, кейинги жиноий фаолиятига чек қўйилди. Яшаш манзилидан чиқиб кетган ва бедарак йўқолган 2 616 нафар шахс қисқа фурсатларда аниқланиб, хавфли вазиятларни олдини олинди ва улар оиласи бағрига қайтарилди.
Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса безорилик ҳолатларини бартараф этиш, жойларда жиноятчиликнинг салмоғини юқорилигича қолишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш бўйича Жамоат тартибини сақлаш хизмати ҳамда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати раҳбарларининг ахбороти тингланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ҳамда Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари раҳбарларининг ўз ҳудудларидаги криминоген вазият бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Ҳайъат йиғилишида бугунги куннинг яна бир долзарб масалаларидан бири — кибержиноятларга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Вазирлик тизимида 2026 йил “Кибержиноятларга қарши курашиш йили”, деб эълон қилиниб, кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик маданиятини ошириш ва фуқароларни интернетдаги мавжуд хавфлардан огоҳлантиришга қаратилган профилактик тадбирлар кескин кучайтирилди. Марказий банк билан ҳамкорликда яратилган махсус тизим йўлга қўйилгани натижасида 29 трлн сўмнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишнинг олди олинди ҳамда 18 838 та жиноятга алоқадор банк карталари блокланди.
Ҳисобот даврида жами 9 282 та кибержиноят фош этилди, 4 011 та жиноят ташаббус асосида аниқланди ва 13 мингдан ортиқ фуқароларга етказилган 120 млрд 496 млн сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилди.
Кибержиноятларни олдини олишнинг асосий тамойилларидан бири аҳолини огоҳлантириш эканлигини ҳисобга олган ҳолда, кучли тарғибот ишлари амалга оширилиб, мамлакатимизнинг қарийб 23 млн. дан ошиқ аҳолиси қамраб олинди.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслиги танқид қилинди. Ушбу йўналишда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳар томонлама ва пухта ўрганиш, кибержиноятларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон бераётган омилларни чуқур таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ички ишлар органлари ходимларининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш, уларни замонавий ахборот технологиялари ва кибержиноятларни аниқлаш ҳамда уларга қарши курашишнинг янги усулларига ўргатиш ишларини жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, кун тартибидаги масалалар юзасидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилиш ҳолати бўйича масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, мавжуд камчиликлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, уларнинг хизмат вазифаларини виждонан ва масъулият билан бажариши устидан таъсирчан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, интизомий ҳолатга таъсир кўрсатаётган омилларни чуқур ўрганиш, муаммоларни фақат оқибатлари билан эмас, балки уларни келтириб чиқараётган сабаблар билан биргаликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Айниқса, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, улар учун муносиб хизмат ва маиший шароитларни яратиш, ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди. Зеро, ходимларнинг ижтимоий барқарорлиги ва хизмат шароитлари уларнинг хизмат интизоми, касбий масъулияти ва иш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Тадбирда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, шахсий ва сайёр қабулларни ташкил этиш ҳамда уларнинг натижадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини сўзсиз амалга ошириш ва давлат органлари фаолиятида инсон манфаатларини устувор таъминлашга қаратилган Фармони талабларидан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг 6 ойида жами 205 154 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 117 тага кам. Мурожаатларнинг 87,7 фоизи қаноатлантирилган, 11,3 фоизи юзасидан фуқароларга малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 0,9 фоизи эса қонунчиликда белгиланган тартиб ва асосларга кўра кўриб чиқишдан рад этилган.
Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган камчиликлар, айрим раҳбар ва масъулларнинг сусткашлиги ҳамда мурожаатларнинг мазмун-моҳиятига етарлича эътибор қаратмаётгани танқидий баҳоланди. Фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида, сифатли ва қонуний ҳал этиш, уларнинг муаммоларига бефарқ муносабатда бўлган масъулларга нисбатан қатъий чора кўриш, самарали иш олиб бораётган ходимларни эса рағбатлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ҳисобот натижаларига кўра, ўтган 6 ойда давомида республика ҳудудидаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли 6 нафар шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқлари, 2 нафар уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши бўйича ўринбосарлари ва 2 нафар вилоят ички ишлар бошқармаларининг масъул раҳбарларини лавозимидан озод этиш, 7 нафар раҳбарларга қаттиқ интизомий жазо ҳамда 3 нафар раҳбарнинг лавозимида қолиш ёки қолмаслик масаласини кўриб чиқиш бўйича Ҳайъат қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга рейтинг натижаларига кўра, олдини олиши мумкин бўлган жиноятларни содир этилишига йўл қўймаган ва ташаббус билан жиноятларни аниқлашда энг яхши натижаларга эришган – биринчи ўрин Тошкент вилояти, иккинчи ўрин Самарқанд вилояти ва учинчи ўринни эгаллаган Фарғона вилоятлари ички ишлар бошқармалари, шунингдек Навоий вилоятининг Кармана, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Фарғона вилоятининг Қува, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Наманган вилоятининг Наманган, Бухоро вилоятининг Жондор, Тошкент вилоятининг Пискент ҳамда Жиззах вилоятининг Янгиобод туманлари ИИБ раҳбарларини ўрнатилган тартибда рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилди.
Шунингдек, Ҳайъат йиғилишида Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш ҳамда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ходимларни кучайтирилган хизмат тартибига ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда байрам тадбирларини хавфсиз ўтказиш бўйича масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.
Ҳайъат йиғилишида қўйилган вазифаларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши, ҳар бир раҳбар ва ходимдан натижадорлик, интизом ва шахсий масъулият талаб қилиниши қатъий талаб сифатида қайд этилди.









