Юртимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан хавфсизлик чоралари ўрганилмоқда
2024-09-03 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтимизнинг Яшнобод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида ташкил этилган байрам тадбирлари ва халқ сайилларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар ўрганилди.
Шу кунларда юртимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамига кўтаринки руҳда кенг нишонланмоқда. Байрам тадбирлари «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!», деган бош ғоя асосида республикамизнинг 200дан ортиқ жойларида ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар давомида жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 16 мингдан ортиқ ички ишлар органлари ходимлари хизматга жалб этилган.
Мазкур фаолиятни ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтимизда байрам тадбирлари ўтказиладиган истироҳат боғларидаги жамоат тартибини сақлашга жалб этилган ходимлар фаолияти билан танишилди.
Жумладан, Яшнобод туманидаги «Ашхобод» маданият ва истироҳат боғида, Юнусобод туманининг Сайилгоҳ ва Зарафшон кўчалари бўйлаб жойлашган «Сайилгоҳ» кўнгилочар масканида, Яккасарой туманидаги Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйлаб жойлашган кўнгилочар истироҳат боғи ва «Мовий Гумбазлар» маскани атрофида тунги хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва ҳудудларда татбиқ этилаётган хавфсизлик чоралари ўрганилди.
Мажмуаларга жамоат тартибини таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланди, ходимларнинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир жараёнида ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, Яшнобод тумани «Дўстобод» маҳалласи Султонали Машҳадий кўчасида жойлашган 1-сон Ҳуқуқ тартибот масканида хизмат олиб бораётган ходимларни иш жараёни ҳамда уларга яратилган шарт-шароитлар, Юнусобод тумани «Аҳилобод» маҳалласи ҳудудида ижтимоий-криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек туманнинг «Боғишамол» маҳалласида жойлашган 1-сон Ҳуқуқ тартибот маскани фаолияти ўрганилди.
Тадбир жараёнида асосий эътибор, хизматни масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этилишга, кўнгил очар масканлари ва сайилгоҳлар ҳудудларида видеокузатув назорати, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши, аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.









