Хоразм вилоятида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ўрганилди
2026-08-07 08:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижадорлиги таҳлил қилинди.
Вилоятдаги ўрганишлар “Урганч халқаро” аэропортига туташ ҳудудда барпо этилаётган янги темир йўл вокзали қурилиши билан танишишдан бошланди. Келгусида мазкур объектда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар учун хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган муҳандислик ва техник ечимлар, шунингдек, хавфсизлик инфратузилмасининг ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, қурилиш ишларининг сифати, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда объект фойдаланишга топширилгач аҳолига замонавий ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тадбир давомида, Хива шаҳри яқиндаги мукаммал таъмирдан чиқарилган шаҳар ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи маъмурий биносининг жорий ҳолати кўздан кечирилди. Бу ерда аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда сифат ва тезкорликни таъминлаш бўйича яратилган барча имкониятлар баҳоланди, уларни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари ўрганилиб, керакли тавсиялар берилди.
Жорий йилнинг 7–9 август кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Қовун сайли – 2026» халқаро фестивалига тайёргарлик ва хавфсизлик масалалари ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Фестиваль ўтадиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, хавфсизликни таъминлашда замонавий техник воситалардан самарали фойдаланиш, куч ва воситаларни мақбул тақсимлаш ҳамда хизматларнинг мувофиқлашган фаолиятини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Мамлакатимизнинг йирик туризм ҳудуди ҳисобланган Хива шаҳрида туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида кўплаб туризм объектлари барпо этилмоқда. Шу жумладан, янги қурилаётган янги меҳмонхона, сервис объектлари ва хизмат кўрсатиш мажмуалари кўздан кечирилиб, туризм соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларни хавфсизлик талаблари асосида ташкил этиш ҳамда сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган Урганч шаҳридаги «Олимпия» маҳалласида ташкил этилган «Ақлли маҳалла» дастури доирасида жорий этилган инновацион ечимлар, рақамли назорат тизимлари ва замонавий кузатув технологиялар тажрибасини бошқа ҳудудларга жорий этиш юзасидан муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Маҳаллада фаолият юритаётган «маҳалла еттилиги» аъзолари, хусусан профилактика инспектори билан мулоқот чоғида ҳудуддаги криминоген вазият, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда профилактика инспекторларининг масъулиятини янада ошириш ва маҳалладаги ҳамкорлик тизимини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳаллага хизмат кўрсатувчи Қўриқлаш хизмати бўлинмасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, хизматни ташкил этиш, тезкор ҳаракатланиш имкониятлари, техник жиҳозланганлик даражаси ва хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Жорий йилнинг 30 июль куни Ички ишлар вазирлигида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирларининг 2-босқичини самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар
асосида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Кенг қамровли профилактик тадбирлар доирасида кучайтирилган тунги хизмат фаолияти, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда соҳавий хизматларнинг ҳамкорликдаги аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.









