Ватанга садоқат ва халқ манфаатларига хизмат ғояси билан тарбияланган Янги Ўзбекистон офицерлари сафи кенгайди
2026-07-30 08:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда Давлат раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда профессионал давлат хизматини шакллантиришга қаратилган сиёсатлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ички ишлар органларини замонавий билим ва юксак касбий салоҳиятга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган кадрлар билан таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Ана шу эзгу мақсадлар Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга махсус унвон бериш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг хизмат қасамёдини қабул қилишга бағишланган тантанали маросимда яна бир бор ўз ифодасини топди.
Тадбир мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Бугун ички ишлар органлари фаолиятига қўйилаётган талаблар ходимлардан чуқур ҳуқуқий билим, юксак маънавият, ташаббускорлик, замонавий фикрлаш ва халқ манфаатларига садоқатни талаб этмоқда.
Маросимда кадрлар тайёрлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, таълим жараёнининг замонавий талаблар асосида такомиллаштирилгани ҳамда назария ва амалиёт уйғунлиги ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳуқуқий билим билан бир қаторда юксак масъулият ҳиссига эга, мустақил қарор қабул қила оладиган ва замонавий таҳдидларга муносиб жавоб берадиган офицерларни тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири битирувчиларга биринчи махсус унвон — «лейтенант» унвонининг тантанали равишда топширилиши бўлди. Таъкидланганидек, мазкур унвон давлат ва халқнинг юксак ишончи, қонунга садоқат ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги катта масъулият тимсолидир. Энди ёш офицерлар зиммасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашдек шарафли вазифалар турибди.
Хизмат қасамёдининг қабул қилиниши ёш офицерлар учун Ватанга садоқат, халқ ишончини оқлаш ва хизмат бурчини виждонан адо этишга берилган ҳаётий аҳд сифатида эътироф этилди. Шунингдек, тадбирда миллий давлатчилик анъаналарига мурожаат қилиниб, Соҳибқирон Амир Темурнинг адолат, жасорат, қатъият ва ҳушёрликка оид ҳаётий тамойиллари бугунги ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимлари учун ҳам муҳим дастуриламал экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Давлат раҳбарининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган, очиқ, профессионал ва замонавий тизимга айлантиришга қаратилган сиёсатлари натижасида соҳага юксак билим, мустаҳкам фуқаролик позицияси ва ватанпарварлик руҳига эга ёш кадрлар кириб келмоқда.
Тантанали маросим якунида битирувчилар ички ишлар органлари сафига қабул қилингани, биринчи махсус унвонга сазовор бўлгани ҳамда хизмат қасамёдини қабул қилгани муносабати билан табрикланиб, уларга халқ ва Ватан манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш, давлат ва халқ ишончини муносиб оқлаш йўлида улкан муваффақиятлар тилаб қолинди.
Шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги ва барқарор тараққиёти билимли, фидойи ва масъулиятли кадрлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.
Ички ишлар органлари сафига қўшилган янги авлод офицерлари юртимизда қонун устуворлиги, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида муносиб хизмат қилишига ишонч комил.









