ИИВ раҳбарияти томонидан рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги йўналишидаги ишлар танқидий муҳокама қилинди
2026-07-19 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник З.К.Курбанов ҳузурида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ички ишлар органларида рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги йўналишида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Видеоселектор йиғилишида ИИВ Марказий аппаратининг соҳавий хизмат раҳбарлари, таркибий ва ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишда, ички ишлар органларида рақамлаштириш борасида бир қатор ютуқларга эришилганлиги маълумот ўрнида етказилди. Жумладан, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури (Government Quality Award) доирасида ўтказилган баҳолаш якунларига кўра, Ички ишлар вазирлиги “Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича намунали давлат органи” номинацияси ғолиби деб топилган бўлса, Республика ва маҳаллий ижро этувчи органларда рақамли ривожланиш даражасини рейтинг баҳолаш – Nis.uz тизимида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича 5-ўринни, Ахборот ва киберхавфсизлик мониторинг тизими бўйича 1-ўринни эгаллади.
Тизимда йўлга қўйилган рақамли иш юритувини янада самарали ташкил этиш, жараёнда аниқланган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, “Хавфсиз шаҳар” тизимлари бўйича, “Ягона электрон ҳужжат алмашинуви” дан фойдаланиш, “Турникет” тизимида учраётган камчиликларга алоҳида тўхталиб, атрофлича таҳлил қилинди.
Видеоселектор йиғилиши давомида масъулларнинг ҳисобот ва таклифлари тингланиб, қониқарсиз натижаси қайд этаётган ҳудуд раҳбарларининг хизмат фаолиятига қатъий баҳо берилди.
Йиғилиш якунига кўра, ички ишлар органлари тизимидаги барча йўналишларни босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.





