Маҳаллаларда хавфсизлик ва ободликни таъминлаш бош мезон: Ички ишлар вазирлигида ўтказилган навбатдаги йиғилиш, муҳим вазифалар ижросига қаратилди
2026-07-18 08:00:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида навбатдаги йиғилиш ўтказилиб, унда соҳавий хизмат ва ҳудудий бўлинма раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилишда биринчи навбатда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, “Ободонлаштириш ва фаровонлик” ойлигини ташкил этиш ҳамда ички ишлар органларининг бинолари, профилактика инспекторларининг хизмат хоналарини ободонлаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим, ички кўчаларга кузатув камераларининг ўрнатилиши, хавфсиз кўча ва йўлаклар, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилиши, оилаларга психологик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада, жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқиш, “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторларини жойига бориб, ушбу методика асосида ўқитиш режалари муҳокама қилинди.
Ҳудудларда профилактика инспекторларини ёнкамералар билан таъминлаш, ижобий натижага эришган вилоятлар тажрибасини кенг қўллаш орқали фуқаролар шахсини аниқлаш, маъмурий баённома тўлдириш ва судга материал юбориш тизимини автоматлаштириш бўйича масъуллар олдига вазифалар белгиланди.
Шунингдек, мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор профилактик тадбирларининг 15 кунида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Эришилган натижалар, биринчи навбатда аҳоли тинчлиги ва саломатлигини таъминлашга сабаб бўлаётганлигини ҳар бир ходим чуқур англаши ва буни бутун халқимиз ўз турмушида ҳис этиши зарурлиги тушунтирилди.
Ойликнинг иккинчи ярмида мавжуд муаммоларни тегишли тартибда бартараф этиш, ўтказилаётган профилактик ва тезкор-қидирув тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, дахлдор идора ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса маҳалла еттилиги билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш бўйича топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Тизимни рақамлаштириш, ҳужжатлар айланмасини тўлиқ электрон шаклда олиб бориш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳам йиғилиш давомида кўриб чиқилди.
Бу йўналишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, ходимларнинг хизмат фаолияти давомида “қоғозсиз бир кун” акцияларини кўпайтириш ва амалга оширилаётган техник лойиҳаларни якунига етказиш зарурлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги масалалардан ташқари, ички ишлар вазири томонидан шахсий таркиб ўртасида қонунийликка тўлиқ амал қилган ҳолда хизмат ташкил этиш, фуқаролардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ва чақирувни пухта ўрганиш ва тезлик билан муносабат билдириш бўйича масъулларга зарурий топшириқлар етказилди.



