Самарқанд вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди
2026-07-17 08:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида бўлиб, республика бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ойлигининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда тинч ва барқарор муҳитни мустаҳкамлаш, профилактик фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳар томонлама ўрганилди.
Хусусан, Ургут туманидаги деҳқон бозорида, аҳоли гавжум ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Бозорда жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, видеокузатув тизимларининг самарали ишлаши, эвакуация йўлакларининг ҳолати ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, хавфсизликни таъминлаш тизимининг амалий самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар Ургут туманининг Навбоғ маҳалласида давом эттирилди. Бу ерда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган профилактик ҳамда тарғибот тадбирлари таҳлил қилинди.
Айниқса, интернет тармоғи орқали содир этилаётган фирибгарликлар, банк карталари билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа кибержиноятлардан аҳолини огоҳлантиришга қаратилган тушунтириш ишларининг мазмуни ва қамрови ўрганилди.
Шунингдек, Қўриқлаш хизмати томонидан таклиф этилаётган замонавий техник қўриқлаш воситалари, рақамли хавфсизлик ечимлари ҳамда хизмат турларининг имкониятлари намойиш этилди.
Мазкур воситалардан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар ва мулк хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида Ургут тумани ички ишлар бўлими раҳбарияти ҳамда маҳалла масъулларининг ҳудудда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини барвақт бартараф этиш, профилактика ишларини манзилли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Мавжуд ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, профилактик тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш ва масъулиятни кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ички ишлар вазири томонидан ички ишлар органлари ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида ўрганилди.
Хусусан, Самарқанд вилояти ИИБси тасарруфидаги объектларда қурилиш-монтаж ишларининг сифати, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг тайёрлиги, замонавий талаблар асосида яратилаётган инфратузилма ва белгиланган режалар ижроси юзасидан масъуллар билан муҳокамалар ўтказилди.
Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат даражасида якунлаш, биноларни замонавий талабларга жавоб берадиган жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда уларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳрида тунги вақтда ички ишлар органлари куч ва воситаларининг хизмат фаолиятини ҳам ўрганди.
Жамоат тартибини сақлаш, ҳамкор идоралар нарядларининг хизматни ташкил этиши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли гавжум ҳудудлар ҳамда криминоген нуқталарда амалга оширилаётган профилактик ишлар таҳлил қилинди.
Хизматчиларнинг шайлиги, тунги хизматни ташкил этиш самарадорлиги, саф бўлинмалари фаолияти ҳамда аҳоли ва туристлар учун 24/7 режимда фаолият юритувчи кўнгилочар масканлар, умумий овқатланиш объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари жойлашган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш бўйича йўлга қўйилган тартиб ўрганилди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.









