ИИВ раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикасида биринчи ярим йиллик фаолият сарҳисоб қилинди
2026-07-15 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан кенгайтирилган сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, полковник Бахтияр Торебеков, шунингдек, соҳавий хизматлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Тадбирда жорий йилнинг олти ойи давомида республикада жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Муҳокамалар давомида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.
Масъул раҳбар ва ходимларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир маҳалла кесимида криминоген вазиятни доимий назоратга олиш бўйича аниқ топшириқ ва вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати






