Тошкент вилоятида «Хавфсиз ва соғлом юрт» комплекс тезкор-профилактик тадбирларини самарали ташкил этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-03 08:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатмиз ҳудудида жиноятларни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида 1 июль санасидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» комплекс тезкор-профилактик тадбирларини ўтказишга киришилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида Тошкент вилояти ИИББда ўтказилган навбатдаги тезкор йиғилишда асосий эътибор кенг кўламли тадбирларнинг вилоят ҳудудида олиб борилиши бўйича белгиланган вазифаларга қаратилди.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси соҳавий хизматлари ва минтақавий ҳудуд раҳбарлари, туман ИИБ бошлиқлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган йиғилишда, соҳага оид ҳар бир йўналиш бўйича ойлик давомида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Биринчи навбатда профилактик тадбирларни кучайтириш, аҳоли айниқса ёшлар қатламини қамраб олиш, уларнинг гиёҳвандлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун кучли иммунитет ҳосил қилиш, бу борада айниқса соғлиқни сақлаш тизими, шифокор-наркологлар ҳамда психологлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича муҳим топшириқлар берилди.
Йиғилишда асосий эътибор киберхавфсизликни кучайтиришга ҳамда аҳолини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш юзасидан тарғибот ишларини узлуксиз амалга оширишга қаратилди.
Ойлик давомида шунингдек, саф бўлинмаларининг кучайтирилган тартибдаги хизмат фаолияти йўлга қўйилиб, жамоат жойларида маиший ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш, тиғли буюм билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни юз беришига йўл қўймаслик мақсадида назорат тадбирлари кучайтирилади.
Тезкор-қидирув тадбирларида гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатилишига қарши курашиш ва нарколабараторияларни аниқлаш, бу борада кенг жамоатчиликнинг ҳам фаоллигини оширишга эътибор қаратилади. Тезкор тузилмаларнинг ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлиги янада кучайтирилиб, ҳар қандай жиноий ҳолатга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек маҳаллалардаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, биринчи навбатда қизил тоифадаги маҳаллаларда изчил иш олиб бориш, ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштиришда албатта ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида барча масъулларга белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, профилактик тадбирларни манзилли ташкил этиш ҳамда ҳар бир ҳолат бўйича шахсий масъулият асосида иш олиб бориш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.




