Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги вазирлик делегацияси Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди
2024-08-09 20:00:00 / Мажлислар
![Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги вазирлик делегацияси Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F9a1d7c51-14d8-3478-977e-726eefc9fe4b_lists_slider_18457.jpg&w=3840&q=75)
Кенгаш йиғилишида Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашни мувофиқлаштириш Бюроси, Ҳамдўстлик мамлакатларининг Ижроия қўмитаси ва Аксилтеррор маркази масъуллари қатнашдилар.
Томонлар МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор масалаларини, шунингдек, МДҲ мамлакатлари ички ишлар вазирликлари Кенгаши доирасида қабул қилинган 2024–2028 йилларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар бўйича Давлатлараро дастурини амалга оширишга доир масалаларни муҳокама қилдилар.
Тадбир жараёнида бир қатор масалалар юзасидан тегишли ҳужжатлар имзоланди, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар билан курашиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, кибержиноятларга қарши курашда давлатлараро ахборот ҳамкорлигини такомиллаштириш ва бошқалар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган тадбирда томонлар, мазкур форматдаги учрашувлар идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганига алоҳида урғу бериб, Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тадбир юқори даражада ташкил этилганини ва бу унинг муваффақиятли ўтказилишида муҳим омил бўлганини таъкидлаб ўтдилар.