Ички ишлар вазирлигида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
2026-06-01 06:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан давлат органларида очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, сўз эркинлиги халқаро даражада мустаҳкамланди. Бу борада оммавий ахборот воситалари ва давлат ташкилотлар ўртасида кўприк вазифасини бажараётган Ахборот хизматлари ўринини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган байрам тадбирида вазирлик раҳбарияти, фахрийлар, ҳудудий ва соҳавий хизмат раҳбарлари, тизимда фаолият юритаётган оммавий коммуникацияси вакиллари ва ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов барча йиғилганларни байрам билан билан табриклаб, бугунги сана нафақат оммавий ахборот воситалари вакиллари балки бутун халқимиз учун катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.
Жамиятимизда ички ишлар органларининг ижобий имижини яратишда ўз салоҳияти билан ҳисса қўшаётган ахборот хизмати ходимлари, техник ва ижодкорларнинг самарали меҳнатида натижасида бугун юртдошларимиз соҳадаги шарафли хизмат фаолияти ҳақида мунтазам хабардор этиб келинмоқда.
Эришилаётган ижобий натижаларни барқарор давом эттириш, юз берган ҳар бир ҳолатга тезкорлик билан муносабат билдириш орқали жамоатчилик ишончини ошириш, журналист ва блогерлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича зарур вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Айниқса, сунъий интеллект технологияларини фаолиятга муваффақиятли интеграция қилиш зарурлиги замон талабига айланиб бораётганлиги таъкидланиб, масъулларга бу йўналишда бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар етказилди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳа йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий медиа ассоциацияси билан тузилган меморандумлар асосида, айни вақтда тизим фаолиятига оид 15 та кунлик ва ҳафталик махсус кўрсатув ҳамда турли дастурлар намойиш этилмоқда.
Жаҳон веб-маконида вазирлик соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органларининг жами 24 та веб-сайт мунтазам фаолият юритмоқда. Мазкур веб-сайтлар энг оммабоп ижтимоий тармоқлар ва видеохостингларга интеграция қилинган бўлиб, улар орқали миллионлаб кузатувчилар қамраб олинган.
Тадбир якунида бир гуруҳ ходимларга 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ички ишлар вазирининг буйруғи билан мукофотлар топширилди.






