Қорақалпоғистонда хавфсиз муҳит яратиш ва рақамли бошқарувни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-03 11:55:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасида хавфсиз ва барқарор ижтимоий муҳитни шакллантириш, жамоат тартиби ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши биносида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, туман ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари иштирок этдилар.
Йиғилиш давомида Давлат раҳбари томонидан хавфсиз муҳит яратиш бўйича берилган топшириқларнинг ижроси атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини янада такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Нукус шаҳрида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида тўпланган илғор тажрибалар асосида рақамли бошқарув тизимини ривожлантириш, хавфсиз муҳитни таъминлаш ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Мутасаддилар томонидан бу борада энг муҳим масалалардан бири сифатида турли соҳаларда фаолият юритаётган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.
Бу эса маълумотлар алмашинувини тезлаштириш, бошқарув қарорларининг самарадорлигини ошириш ва аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш имконини яратади.
Йиғилишда шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шахсий таркибининг касбий тайёргарлигини юксалтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва замонавий талабларга мос фаолият юритиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши барча давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳамда масъулиятли ёндашувини талаб этади.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда уларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш муҳимлиги қайд этилди.




