Қорақалпоғистон Республикасида ички ишлар органлари фаолияти, қурилиш ва реконструкция ишлари ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ўрганилди
2026-06-03 09:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, ходимлар малакасини ошириш, қулай хизмат шароитларини яратиш борасидаги ишлар натижадорлиги бўйича ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг Нукус филиалининг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари билан танишилди.
Шунингдек, ходимлар учун яратилаётган шароитлар кўздан кечирилиб, масъулларга Давлатимиз раҳбари томонидан замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш кадрларни тайёрлаш борасидаги топшириқлари ижросини амалга ошириш, ўқув карьера тизимини янада мукаммаллаштиришда пухта иш олиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Учинчи минтақавий мувофиқлаштириш маркази биносида олиб борилаётган янги қурилиш ишлари ўрганилди. Ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, аҳолига хизмат кўрсатиш, ходимлар ҳамда фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ижроси батафсил таҳлил қилинди.
Тадбир жараёнида вазирлик ишчи гуруҳи томонидан Бўзатов тумани ИИБ фаолияти ўрганилиб, мутасаддиларнинг тақдимоти тингланди. Туманда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ҳамда хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Нукус шаҳрида давлат бошқаруви ва ижро интизомини янада такомиллаштириш ҳамда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманлари ҳамда Сурхондарё вилоятида тўпланган илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига қарашли майнинг дирекциясида ташкил этилган тезкор девон ҳамда ишчи гуруҳнинг фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида иш юритиш, мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми ва бошқарув жараёнларига оид мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Таҳлиллар асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш ва илғор тажрибаларни кенг жорий этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этади.






