Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2026-06-02 17:00:00 / Янгиликлар

Замонавий шароитлар ва қулай хизмат муҳити ҳар бир ходимнинг иш самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшади. Нукус шаҳри марказига безак бўлиб турган Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг янги биноси ҳам соҳа вакилларини янги мақсад ва янги марралар сари чорлашга шай ҳолга келтирилди.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев, барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимини янада ривожлантириш мақсадида яратилаётган шароитларнинг узвий давоми сифатида бунёд этилган ушбу бино мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида чинакам совға бўлганлиги эътироф этилди.
Шундан сўнг фахрийлар томонидан рамзий ленталар қирқилиб, тадбир иштирокчилари яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.
Умумий олти қаватдан иборат, замонавий ечимлар билан барпо этилган бинонинг дастлабки қаватида навбатчилик қисми жойлашган бўлиб, унда маълумот алмашинуви ҳамда куч-воситаларни бошқаришда рақамлаштирилган тизим қўлланилмоқда.
Ходимларнинг хизмат хоналарида ҳам барча қулайликлар яратилиб, зарурий техник воситалар билан тўлиқ таъминланган.
Эътиборли жиҳати, бадиий ва илмий асарлар билан тўлдирилган кутубхона ҳамда гўзал манзаралар билан бойитилган ватанпарварлик бурчаги ҳам ташкил қилинган бўлиб, бу албатта шахсий таркибнинг маънавий дунёқарашини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ички ишлар вазири томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ташриф буюрувчи фуқаролар учун қулайликлар яратиш ҳамда ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, муомала маданиятини янада юксалтириш бўйича қўшимча машғулотлар ўтказиш борасида масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир давомида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун янги хизмат автомобиллари ва зирҳланган техникалар топширилди.
Бу каби бунёдкорликлар, замонавий имкониятлар, қулай шароитлар албатта жиноятчиликни барвақт олдини олиш, аҳоли осудалигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ходимларнинг фаолиятида куч ва шижоат бағишлайди.









