ИИВ раҳбарияти иштирокида Навоий вилоятида жиноятчилик профилактикаси ва хизмат фаолияти самарадорлиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар танқидий муҳокама қилинди
2026-05-16 13:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Навоий вилояти ИИБ раҳбарияти ҳамда шахсий таркиб иштирок этди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижроси, ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижалари ҳамда ҳудудлардаги криминоген вазият атрофлича таҳлил қилинди.
Муҳокамалар давомида жиноятчиликни жиловлаш, аҳолининг кундалик ижтимоий-маиший муаммоларини ижтимоий профилактика орқали бартараф этиш, мавжуд хато ва камчиликларни тизимли ҳал этиш ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда жиноятчилик кўрсаткичлари ошгани танқид остига олиниб, профилактик тадбирларни кучайтириш, маҳалла еттилиги фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда коррупция ва тамагирликка қарши муросасиз курашиш, хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этиш, ходимларнинг касбий, хизмат ҳамда жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш юзасидан раҳбариятнинг аниқ талаб ва топшириқлари етказилди.
Шунингдек, фаолият давомида эришилган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар ҳам танқидий кўриб чиқилиб, жиноятчиликнинг айрим турлари ошган ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Камчиликларга йўл қўйган айрим соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман ИИБ ходимларига нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинди.
Тадбир давомида вазирлик тизимида ўтказилган «Намунали оила» кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган патруль-пост хизмати ходими, катта сержант Зоҳиджон Розиқов оиласи ҳам муносиб тақдирланди.
Шу билан бирга, хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар вазир ўринбосарининг тегишли буйруғига асосан рағбатлантирилди.



