Ҳамдўстлик мамлакатлари ички ишлар вазирликлари делегацияларига Тошкентда хавфсизлик ва маданий мерос лойиҳалари намойиш этилди
2026-05-13 19:00:00 / Янгиликлар

Тошкентда бўлиб турган МДҲ иштирокчи-давлатлар ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликка қарши курашиш тузилмалари раҳбарлари Тошкент шаҳар ИИББ Ситуацион-таҳлилий маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жараёнда марказнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва замонавий ахборот технологиялари асосида шаҳардаги вазиятни мониторинг қилиш борасидаги имкониятлари намойиш этилди.
Меҳмонларга марказда қўлланилаётган рақамли кузатув тизимлари, тезкор таҳлил ва мувофиқлаштириш жараёнлари, марказнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида ахборот берилди.
Шундан сўнг мамлакатимиз меҳмонлари, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказий Осиёда ягона бўлган уникал лойиҳа Ислом цивилизацияси маркази билан танишдилар.
Инсоният тамаддунининг илдизи бўлган мамлакатимиз ҳудудида ривож топган тарихий цивилизациялар, фан, маданият, санъат ва адабиётда аждодларимиз томонидан қолдирилган илмий-бадиий мерос ҳамда замонавий технологияларнинг бир маскандаги мужассамлашуви ташриф иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида меҳмонлар пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташриф буюрдилар.
9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ташкил этилган маъданий-маърифий тадбирлар шукуҳи давом этаётган кунларда, иккинчи жаҳон урушида бир сафда туриб фашизмга қарши курашган миллатлар вакиллари шарафига Ҳарбий оркестр ижросида “Хотирлаш куйи” янгради. Ташриф иштирокчилари “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйдилар.
Ҳамдўстлик давлатларидан ташриф буюрган меҳмонларга ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, уруш йилларида фронт ортида кўрсатган меҳнат шижоати, уруш ўчоқларидан келтирилган оилалар ва болаларга кўрсатган меҳр-муруввати ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, делегация раҳбарлари пойтахтимизда ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг фаолияти билан ҳам танишдилар.









