ИИВ раҳбарияти Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва хизмат интизоми чоралари ўрганилди
2026-05-13 14:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат механизмларини кучайтириш мақсадида ҳудудларда амалий ўрганиш ва назорат тадбирлари изчил давом этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг Комплаенс ва Коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари полковник, Рустам Равшанович Мирзаев бошчилигида Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳамда Бекобод шаҳар ва туманлари ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жараёнда, ходимларга бириктирилган хизмат уйлари, яшаш шароити ва дам олиш муҳити кўздан кечирилиб, мавжуд шарт-шароитларни янада яхшилаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек ҳудуддаги назорат постларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш даражаси, транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, навбатчилик хизматини ташкил этилиши ҳамда тезкор хизматлар фаолиятининг самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан ходимларнинг хизмат интизоми, масъулияти ва фуқаролар билан мулоқотда муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида коррупцияга қарши курашиш, хизмат фаолиятида шаффофликни таъминлаш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати






