ИИВ раҳбариятининг Наманган вилоятининг туман ИИБ фаолиятларини ўрганиш ишлари давом этмоқда
2026-05-13 09:00:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар давомида туман ИИБларида яратилган шарт-шароитлар, соҳавий хизматлар фаолияти, «Хавфсиз маҳалла» тамойили асосида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар ҳамда «Чилонзор тажрибаси»ни ҳудудларда самарали жорий этиш бўйича амалий ишлар таҳлил қилинди.
Хусусан, Янгиқўрғон тумани ИИБ Қўриқлаш бўлими ходимларнинг жанговар шайлиги ҳамда шахсий таркибга яратилган шароитлар ўрганилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Чортоқ туманида эса, куч ва воситалардан самарали фойдаланиш, ПҚ-1 ва ПҚ-2 қарорлари ижросини таъминлаш орқали жиноятчиликни барвақт олдини олиш юзасидан тақдимот тингланди.
Шунингдек, Вазир биринчи ўринбосари генерал майор Рустам Джураев Уйчи, Учқўрғон, Норин туманларидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, қўшимча патруллик йўналишлари ҳамда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолиятини кенгайтириш, аҳоли гавжум жойларга қўшимча видеокузатув камералари ўрнатиш ва уларни ситуацион марказга интеграция қилиш бўйича чоралар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, чегара ҳудудларда барқарор вазиятни сақлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Амалга оширилаётган ишлар, энг аввало, халқ хавфсизлиги ва фуқароларнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати




