ИИВ раҳбарияти томонидан Бухоро вилояти ҳудудларидаги профилактик вазият ва хавфсизлик чоралари ўрганилди
2026-05-10 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, полковник Диёрбек Саттаров хизмат ташрифи доирасида Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл ва Жондор туманларида бўлди.
Ташриф давомида ҳудудлардаги тезкор-профилактик вазият ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолати яқиндан ўрганилди.
Дастлабки манзил Олот туманининг “Усмоншайх“ маҳалласи бўлди. Бу ерда соҳа масъуллари иштирокида ҳудуддаги ижтимоий-криминоген ҳолат таҳлилига бағишланган тақдимот ўтказилди. Вазир ўринбосари давлат раҳбарининг жорий йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлари ижроси доирасида масъул ходимлар томонидан хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинган амалий ишларни батафсил кўздан кечирди.
Шундан сўнг, ўрганиш ишлари Олот тумани ИИБ биносида давом этди. Туман ИИБ бошлиғининг ҳудуддаги тезкор вазият, профилактик тадбирлар натижадорлиги ва ходимлар фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари қатъий назоратдан ўтказилди. Шунингдек, жиноятчилик динамикаси кўриб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликлар очиқ муҳокама этилди.
Навбатдаги манзил Қоракўл тумани бўлди. Туманнинг “Дўстлик“ маҳалласида профилактика инспекторининг фаолияти ўрганилиб, электрон база маълумотлари текширилди ва қилинган ишлар юзасидан тақдимот намойиш этилди.
Туман ИИБда ҳудуддаги жиноятчилик таҳлили муҳокама қилиниб, кинология хизмати фаолияти ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шарт-шароитлар бевосита кўздан кечирилди.
Жондор туманида ҳам дастлаб туман ИИБда жиноятчилик даражаси таҳлил қилинди ва Президент қарорлари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Туман ИИБ бошлиғининг ҳисоботи тинглангач, масъуллар “Зарафшон“ маҳалласига бориб, “маҳалла еттилиги“ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда ҳам қарорлар ижроси доирасида эришилган натижалар тақдимоти ўтказилди.
Ташриф якунида барча масъулларга ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш ва галдаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар юзасидан аниқ ҳамда манзилли кўрсатмалар берилди. Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар ҳудудларда жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









