Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
2026-05-07 14:00:00 / Янгиликлар

Австрия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкам ривожланиб бормоқда. Айни кунларда ушбу мамлакатнинг Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари делегациялари ҳамда ишбилармон доира вакиллари мамлакатимизга ташриф буюриб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим тадбирларда иштирок этмоқдалар.
Мазкур ташриф жараёнида Австрия Федерал ички ишлар вазири жаноб Герхард Карнер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Томонлар трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, шу жумладан ноқонуний миграция ва одам савдосини олдини олиш масалаларига эътибор қаратиб, бу борада икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ҳамда шахсий таркибнинг билим ва кўникмаларини ошириш муҳим эканлигини таъкидладилар.
Учрашувда, шунингдек, терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, уюшган жиноятчилик каби халқаро миқёсдаги хатарларга қарши курашиш йўналишида янги ташаббусларни илгари сурилди.
Шу билан бирга хавфсиз туризмни ривожлантириш, миграция масаласида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, киберхавфсизлик масалаларида тажриба алмашиш, ҳар икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таълим даргоҳлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ходимлар малакасини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида делегация раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Австрия Республикаси Федерал Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги англашув меморандумини имзоладилар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда юқорида қайд этилган кўплаб йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, ҳамкор мамлакат вакилларига Ички ишлар вазирлиги фаолияти яқиндан таништирилиб, замонавий махсус техник-воситалар ҳамда тизимни рақамлаштириш жараёнлари тақдимот қилинди.









