Қўриқлаш тизимидаги янги имкониятлар жамоатчилик нигоҳида: Ички ишлар вазирлиги томонидан пресс-тур ташкил этилиб, Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2026-05-05 17:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари учун пресс-тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Бугун ҳам тизим ортидаги шарафли хизмат фаолиятини кўрсатиш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Қўриқлаш бошқармасида пресс-тур ҳамда жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Пресс-тур давомида йиғилганларга Қўриқлаш хизматида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар, соҳага жорий этилаётган замонавий технологиялар, аҳоли хонадонлари ва объектлар хавфсизлигини таъминлашда йўлга қўйилган янгича ёндашувлар ҳамда хизмат фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Маълумки, сўнгги йилларда сунъий интеллект тобора ривожланиб, хавфсизликни таъминлаш соҳасига кенг жорий этилмоқда. Қўриқлаш департаменти томонидан сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйилган “ақлли уй” лойиҳасининг самарали жиҳатлари, ташвиш тугмаси, ҳаракатланувчи қурилмалар ҳамда сигнализация жамланмаларининг янги имкониятлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Aмалиётда кенг қўлланилаётган ушбу лойиҳалар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, тезкорликни ошириш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш раиси Ёдгор Саъдиев, Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, кенгаш аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Тадбирда жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида олиб борилган хизмат фаолияти натижалари ҳақида ахборот берилди.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари улар орқали мурожаат йўллаётган юртдошларимиз дуч келаётган муаммоли вазиятлар ҳақида тўхталиб, ходимлар томонидан хизмат вазифаларини бажаришда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Муаммоларни очиқ айтиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш, бу борада ходимларнинг масъулиятини янада ошириш бўйича фикрлар тингланиб, келгусида бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
