Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ижроси юзасида соҳавий ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
2026-05-03 09:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш, ички ишлар органлари фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган уч ой давомида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштиришга оид 4 та Қонун, 1 та Фармон ва 9 та муҳим қарорлар қабул қилинди. Мазкур норматив ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган хизмат натижадорлигини янада ошириш ва юртдошларимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган янги тажрибаларни ўрганиш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари пойтахтимизга ташриф буюрди.
Тадбир иштирокчилари яқинда Президентимизга намойиш этилган Мирзо Улуғбек туманидаги сунъий интеллектга асосланган “Ақлли туман” платформаси ҳамда унинг таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими, Чилонзор туманида “Пойтахт тажрибаси”ни кенг жорий этишда йўлга қўйилган хизмат фаолияти билан таништирилди. Ҳар бир раҳбар пойтахт тажрибасидан намуна олиб, маҳалла жиноятчилигини жиловлашда аниқ вазифаларни белгилаб олди.
Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ижроси юзасида соҳавий ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигидаги ўтган тадбирда Ҳайъат аъзолари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этдилар.
Ҳайъат йиғилишида асосий масала сифатида 2026 йилнинг дастлабки 3 ойида республика ҳудудидаги криминоген вазият, содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш, ташаббус билан аниқлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, биринчи чоракда олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 83,8 фоизи фош этилиб, жабрланган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган. Жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи эса 37,1 фоизга яхшиланишига эришилган.
Шунингдек, Суд ва тергов органларидан яшириниб, жавобгарликдан қочиб юрган қидирувдаги 2 193 нафар шахс қўлга олинган бўлса, бедарак йўқолган 1 187 нафар шахсларнинг ҳаёти хавфли вазиятлардан сақлаб қолинди ва оила аъзоларининг бағрига қайтарилди.
Йиғилишда иштирок этган масъуллар томонидан келтирилган ҳисоботларга кўра уч давомида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида ноқонуний муомаладаги 872 кг гиёҳвандлик моддалар ва 296 минг 851 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиниб, 12 та нарколаборатория фаолиятига чек қўйилган.
Вазирлик тизимида 2026 йил “Кибержиноятларга қарши курашиш йили” деб белгиланиб, ўтган уч ой давомида 3 554 та кибержиноят фош этилди, 1 125 та жиноят ташаббус билан аниқланди ва 5 мингдан ортиқ фуқарога етказилган қарийб 50 млрд сўм моддий зарар қайтарилди.
Тезкор-қидирув тадбирлари билан бирга маҳалла жиноятчилигини бартараф этиш бўйича йўлга қўйилган илмий ёндашув самара бераётганлиги рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўтган уч ойда республикадаги 8 992 та маҳалланинг 7 309 таси (81,3 %) “яшил” тоифада қолиб, бирорта ҳам жиноят содир бўлмади, 99 та туманда эса бирорта “қизил“ тоифадаги маҳалла қайд этилмади.
Тадбирда яна бир масала, мурожаатлар билан ишлаш натижадорлигини оширишга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўтган уч ойда вазирлик тизимига 100 742 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 68 751 таси қаноатлантирилган ҳамда 11 834 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ҳудудларда шахсий ва сайёр қабулларни шахсан биринчи раҳбарлар томонидан ўтказилиши, ҳар бир мурожаат юртдошларимизнинг муаммоларини акс эттиришини тўлиқ англаган ҳолда бу борада тизимли иш фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Тобора ривожланиб бораётган замонамизни, рақамлаштириш ва электрон хизматларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кун тартибидан ўрин олган ушбу муҳим йўналишга ҳам жиддий эътибор қаратилди.
Фуқароларга хизматларни қулай, тез ва самарали етказиш, ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш мақсадида вазирлик томонидан 59 та давлат хизмати кўрсатилиб, шундан 48 таси электрон, 11 таси анъанавий тарзда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг уч ойида ички ишлар органлари томонидан фуқароларга 1,5 млнга яқин давлат хизматлари электрон тарзда кўрсатилган.
Ички ишлар вазири томонидан ҳар бир ходимнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя қилиши, ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этиш зиммасидаги улкан масъулият эканлигини ҳис этиши, бу борада ҳар бир раҳбар аввало ўзи намуна бўлиши зарурлиги тушунтирилди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилган бўлса, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Ҳайъат йиғилишида жиноятчиликни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштиришда сусткашликларга йўл қўяётган бўлинмалар фаолияти кескин танқид қилиниб, масъулларга зарурий чора-тадбирларни ўз вақтида кўриш бўйича қатъий топшириқлар берилди.









