Давлат раҳбари топшириқлари ижроси: Чилонзор туманида танқидий таҳлил, рақамли бошқарув ва жамоат хавфсизлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди
2026-04-25 20:25:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг Мирзо Улуғбек туманига ташриф буюриб, туман ҳокимлиги фаолияти, жойлардаги бунёдкорлик ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари билан яқиндан танишди.
Ҳудудда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси ишга туширилиши, тумандаги барча маҳалла вакиллари билан онлайн мулоқот қилиш, вазиятдан доимо хабардор бўлиш имконияти яратилганлиги ижобий баҳоланиб, Тошкент шаҳрининг барча туманларида ушбу намунали тажрибани жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 25 апрель куни Чилонзор тумани ҳокимлигида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов раислигида, вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда 55 та маҳалла раислари ва маҳаллаларга бириктирилган масъуллар иштирокида ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани тажрибаси бўйича сунъий интеллект асосидаги “Хавфсиз ва рақамли туман” тизимини жорий этиш, “Халқ назорати” платформасига келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, амалиётда қўлланилаётган тарқоқ маълумотлар алмашинувини умумлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Чилонзор туманининг ҳар бир маҳалласидаги криминоген вазият, юртдошларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш даражаси, таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлаш, бозорлар, кўнгилочар масканларда жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ ҳар қандай муаммони ўз вақтида бартараф этиш борасида масъулларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёллар масалаларига жиддий эътибор қаратиш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш айни вақтдаги долзарб масалалар эканлиги таъкидланди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда аҳоли мурожаатларни қабул қилиш ва ўрганишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди. Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти ободонлаштириш, экология, бошқарув сервис компаниялари фаолияти бўйича келиб тушаётган бўлиб, ҳар бир ҳал этилган мурожаат бир маҳалла, бир оила, бир фуқаронинг тақдири ва турмушида катта ижобий ўзгаришларни олиб келиши тушунтирилди.
Йиғилиш якунида туман ҳокими ҳамда бошқа масъулларнинг фикрлари тингланиб, мавжуд камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш ва келгуси фаолият давомида давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси бўйича зарурий режалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида, Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Чилонзор туманида амалга оширилаётган ижтимоий ва инфратузилмавий ишлар ўрганилди. Хусусан, “Бешчинор” маҳалласи фуқаролар йиғини биноси ва атрофдаги инфратузилма, Бунёдкор кўчасида олиб борилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг сифати, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, “Ботирма” маҳалласида ташкил этилган 24/7 сайилгоҳ фаолияти, унинг аҳоли дам олиши учун яратилган шарт-шароитлари ҳамда хавфсизлик чоралари атрофлича таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан жамоат тартибини таъминлаш ва фуқаролар хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, халқаро Бучён университетида талабалар учун яратилган шароитлар, таълим муҳити ва хавфсизлик масалалари ўрганилиб, мавжуд имкониятларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ўрганиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.









