Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги ўрганишлари: «Пойтахт намунаси»ни ҳудудларда жорий этиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, криминоген вазият ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш эътибор марказида
2026-04-05 08:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш ҳамда Тошкент шаҳри мисолида йўлга қўйилган “пойтахт тажрибаси”ни ҳудудларда татбиқ этилишини ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Тадбир давомида Термиз шаҳар “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида “Хавфсиз шаҳар“ тамойили асосида рақамлаштириш даражасини оширишга қаратилган замонавий Ситуацион марказининг қурилиш жараёнлари билан танишилди. Марказда қурилиш ишларини жадаллаштириш, масканни илмий ёндашувлар асосида барча талабларга мос ҳолда барпо этиш ҳамда унда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Жараёнда, вилоятда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг тақдимоти ўтказилди. Кўрилган чоралар ҳамда аҳоли ўртасида олиб борилган кенг кўламли тарғибот натижасида мурожаатлар сони камайиб, ушбу турдаги жиноятларнинг сони ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга яхшилангани эътироф этилди.
Жарқўрғон тумани “Янги Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудига ташриф давомида бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан танишилди. Мазкур манзилда, аҳоли сони тобора ортиб бораётгани инобатга олиниб, хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини муҳофаза қилиш мақсадида, ҳудудда Жарқўрғон тумани Ички ишлар бўлимининг янги маъмурий биносини қурилиш лойиҳаси билан танишди.
Лойиҳа тақдимоти жараёнида, қурилиши режалаштирилган ИИБ биноси барча замонавий талабларга жавоб берадиган, ходимлар учун қулай шарт-шароитларни ўзида мужассам этган, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган маскан бўлиши таъкидланди.
Шунингдек ҳудуднинг Ички ишлар бўлинмаси раҳбарлари ва профилактика инспекторлари билан суҳбат ўтказилди. Бунда туманидаги маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, профилактика ишларининг самарадорлиги ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятини такомиллаштириш ҳамда аҳоли билан мулоқотни янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Денов тумани Баҳористон маҳалласида аҳоли гавжум бўладиган Сайилгоҳ кўчасида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудда хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Туман ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган масъуллари томонидан Денов туманида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда келгусида бажариладиган ишлари тақдимот қилинди.
Ўрганишлар натижасига кўра, криминоген вазияти оғир ҳисобланган ҳамда жиноятчиликни салмоғи ошган Денов туманида Ички ишлар вазири томонидан вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, ҳудудий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда жорий йилнинг биринчи чорак якунлари танқидий таҳлил қилиниб, келгуси давр учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида муайян ишлар қилинган бўлса-да, айрим йўналишларда оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, жиноятчилик салмоғи ошган ҳамда криминоген вазияти оғир қолаётган Термиз шаҳар, Жарқўрғон, Шўрчи ҳамда Денов туманларида вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни жадаллаштириш, оғир ҳудудларга куч воситаларни тўғри тақсимлаш, ёшлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олиш борасидаги масалалар танқидий муҳокама этилди.
Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашда фақат жазолаш эмас, балки унинг илдизини бартараф этишга алоҳида урғу берилди. Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, “қизил” тоифадаги маҳаллалар билан манзилли ишлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган 20 нафар ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди, жумладан уч нафарига муддатидан олдин махсус унвонлар берилди.
Шунингдек, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Тадбир якунида белгиланган вазифаларни тизимли ва самарали амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.









