Мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш бўйича янги босқич: Чилонзор туманида “пойтахт намунаси” асосида амалга оширилаётган кенг қамровли чоралар ва амалий натижалар таҳлил қилинди
2026-04-04 08:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов томонидан соҳавий хизмат раҳбарлари, Чилонзор туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари иштирокида Тошкент шаҳри Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш масалалари бўйича ўрганиш олиб борилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган танқидий селектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, жумладан, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича «пойтахт намунаси»ни Чилонзор туманида жорий этиш масалалари ўрганилди.
Хусусан, мактабларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳудудга кириш-чиқишни қатъий назорат қилиш, видеокузатув тизимларини жорий этиш, ички хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини ўрганиш мақсадида туманнинг “Боғзор” маҳалласида жойлашган 179-сонли умумтаълим мактаби, “Яккатут” маҳалласидаги 202-сонли умумтаълим мактаби ҳамда “Ботирма” маҳалласида жойлашган “Lumos” хусусий мактабларнинг фаолияти ўрганилди.
Бунда, ўқувчилар ўртасида буллинг ва зўравонликнинг олдини олиш, психологик хизматларни кучайтириш ҳамда хавфсизлик қоидалари бўйича мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, мактабларда малакали қўриқчиларни жалб қилиш, кирувчиларни рўйхатга олиш тизимини йўлга қўйиш ва ҳудудни тўлиқ ҳимоя қилиш чоралари кўрилиши, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик доирасида ёнғин хавфсизлиги воситалари билан таъминлаш, эвакуация режаларини ишлаб чиқиш ва амалий машғулотлар ўтказиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида Чилонзор буюм савдо комплексида “Рақамли ва хавфсиз бозор” тамойили асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишилди. Хусусан, бозорга хизмат кўрсатувчи Ички ишлар бўлими биносида ташкил этилган тезкор бошқарув маркази фаолиятининг тақдимоти ўтказилди. Бу жараёнда, савдо расталари ва нархларни мониторинг қилиш, солиқдан бўйин товлаш ва ноқонуний йиғимларнинг олдини олишга хизмат қилувчи “электрон биллинг тизими” ва сунъий интеллект камералари жорий этилмоқда.
Чилонзор туманидаги маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли билан мулоқотни янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида олиб борилган чора-тадбирлар, профилактика ишларининг самарадорлиги ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти кўриб чиқилди.
Шунингдек, ижтимоий-криминоген вазият барқарорлигини таъминлашда маҳалла фаоллари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар аҳволи билан танишиш мақсадида криминоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда профилактик тадбирларни кучайтириш вазифалари белгиланди.
Таъкидланганидек, Чилонзор тумани тажрибаси бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилади.






