Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Сирдарё вилоятида Президент қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда
2026-03-29 09:00:00 / Янгиликлар

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари, таълим ва илмий муассасалар раҳбарлари ҳамда тегишли ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини кучайтириш ва манзилли ишлаш тизимини самарали жорий этишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ томонидан жойларда амалий ўрганишлар олиб борилиб, хусусан Гулистон шаҳрида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган сайёр қабулларда иштирок этилди.
Унда оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилаларни тиклаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар ва муаммолар ўрганилди.
Шунингдек, «Тараққиёт» маҳалласи мисолида жиноят содир этган аёллар билан ишлаш, «Оила паспорти» тизими ва кўчма ҳуқуқий маслаҳат хизматлари фаолияти кўриб чиқилиб, нотинч оилаларни қайта шакллантириш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти прокуратурасида ўқув-амалий семинар ташкил этилиб, унда Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, ҳудудий раҳбарлар ва мутахассислар иштирок этди.
Семинар давомида «Сирдарё тажрибаси» асосида ишларни ташкил этиш, оилавий низоларни медиация орқали ҳал қилиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, ёшлар билан манзилли ишлаш ҳамда замонавий ўқитиш платформаларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш ва ўрганишлар якунида масъулларга жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









