Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан табриги
2026-03-01 05:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, соҳа фахрийлари ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини 21 март – Наврўз умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Наврўзи олам халқимизнинг қадимий ва бебаҳо қадриятларидан бири бўлиб, қарийб уч минг йиллик бой тарихга эга. Наврўз – инсон ва табиат уйғунлигини асраб-авайлашга, тинчлик, дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятларни улуғлашга даъват этадиган янгиланиш ва яшариш айёми сифатида қалбларга илиқлик бағишлайди.
Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби юксак инсоний фазилатларини ўзида мужассам этган ушбу айёмнинг бу йил Рамазон ҳайити билан бир вақтда келишида ўзига хос рамзий маъно мужассам.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев: “Наврўз азалдан халқимизнинг миллий ва умумбашарий қадриятларга, дунёвий давлат тамойилларига, бағрикенглик, чин дўстлик ва ҳамкорлик ғояларига содиқлигининг яққол рамзидир.
Бу айём юртимиздаги барча миллат ва элат вакиллари учун севимли, том маънода умумхалқ байрамига айланган. Мана шу қувончли лаҳзаларда бутун халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, қудратимиз – Ватанга меҳр ва садоқатда, ютуғимиз – ўзимизга бўлган юксак ишончимизда!” – дея таъкидлаганлар.
Жорий йилда ҳам Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тадбирлар миллий анъана ва қадриятларимизга мувофиқ тарзда “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Буларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга, одамларнинг ҳаётдан рози ва мамнун бўлиб яшашини таъминлашга хизмат қилиши билан янада теран мазмун касб этишига ишонамиз.
Ушбу байрам арафасида ҳар бирингизга юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида олиб бораётган фидокорона хизматингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Келгусидаги ғоят масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан ютуқлар ҳамда муваффақиятлар тилайман.
Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга қувонч, фаровонлик ва барака олиб келсин!
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант А. Ташпулатов
