Ички ишлар вазирлигида Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган шахсий таркиб иштирокида саф кўриги ташкил этилди
2026-03-17 15:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг фармойиши билан «Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мобайнида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича республика ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий ва амалий тадбирлар режаси» асосида бугун вазирлик марказий аппаратида саф кўриги ташкил этилди.
Мазкур тадбир миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, ходимларда ватанпарварлик, садоқат ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ички ишлар органларида хизмат интизомини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Саф кўриги жараёнида марказий аппарат шахсий таркибининг махсус кийим-бошда юриш тартиби, ташқи кўриниши, махсус воситалари текширилди.
Ҳар бир ходимнинг саф низомида белгиланган талаблар даражасида хизматга киришиши, амалдаги буйруқларни аниқ ва ўз вақтида бажариш кўникмалари, жамоавий уйғунликдаги ҳаракатлари алоҳида эътибор марказида бўлди.
Ўтказилган амалий машғулотлар орқали шахсий таркибнинг жанговар ва хизматга тайёргарлик даражасини ошириш, фавқулодда вазиятларда тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракат қилиш қобилиятини ривожлантириш кўзда тутилган.
Тадбир давомида масъул раҳбарлар томонидан шахсий таркибга тартиб-интизомига қатъий риоя этиш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳамда юксак масъулият билан ҳаракат қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Саф кўриги якунида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, саф тайёргарлиги ва хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Ахборот хизмати









