8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Анварович Ташпулатовнинг байрам табриги
2026-03-08 08:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари, ҳарбий тузилмалар ва таълим муассасаларида хизмат қилаётган азиз опа-сингилларимизни, фахрий аёлларимизни баҳор фаслининг нафис айёми бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатимизда мунис ва мўътабар онажонларимизни, опа-сингилларимизни ардоқлаш, азиз аёлларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларга зарур шарт-шароитларни яратишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев: Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз. Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, – дея алоҳида таъкидладилар.
Бугунги кунда ички ишлар органларида фаолият юритаётган азиз ва муҳтарам аёллар нафақат намунали оила бекаси, меҳрибон она ва хонадонлар таянчи, балки қалбида Тўмарисга хос жасорат, Ватанга садоқат ва юксак масъулият туйғуси жўш ураётган мард ва матонатли сафдошларимиздир.
Сизлар эркаклар билан елкама-елка туриб, юртимизда жамоат тартибини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётини муҳофаза қилиш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш йўлида фидокорона хизмат қилиб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз осойишталигига муносиб ҳисса қўшмоқдасизлар. Бу эса барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Фахр билан таъкидлаш жоизки, ички ишлар органларида хизмат қилаётган кўплаб фидойи ва жасоратли аёлларимизнинг самарали меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, улар ҳар йили юксак унвонлар ва давлат мукофотлари билан муносиб тақдирланмоқда.
Бу, шубҳасиз, юртимизда аёлларга бўлган юксак эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлиб, барчамиз учун катта ифтихор манбаи ҳисобланади. Ишонамизки, сизларнинг юксак матонат, садоқат ва ватанпарварлик руҳи билан олиб бораётган шарафли хизматингиз бундан буён ҳам янги-янги ютуқлар ва юксак марралар билан давом этади.
Қадрли аёллар ва азиз опа-сингиллар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу гўзаллик ва нафосат айёми билан яна бир бор самимий қутлаб, сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонингизга файз-у барака тилайман.
Вазир генерал-лейтенант А. Ташпулатов
