Сурхондарё вилоятида маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида манзилли ишлаш амалга оширилмоқда
2026-02-28 08:50:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида “пойтахт намунаси”, “Чилонзор тажрибаси” асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан манзилли ўрганилди.
Дастлаб вазирлик ишчи гуруҳи масъуллари Термиз шаҳридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли тўртинчи минтақавий ҳудуд 9-сон тергов ҳибсхонаси фаолияти ва яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Ўрганишлар давомида ҳибсхонада сақланаётган махсус контингент ҳамда вояга етмаганлар билан профилактик суҳбат олиб борилиб, уларга нисбатан қонунчилик талабларига риоя этилиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат даражаси ҳамда санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиниши юзасидан суҳбатлашилди.
Шунингдек, ҳибсхонада режалаштирилган қурилиш ва таъмирлаш ишларини сифатли ҳамда белгиланган муддатларда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳридаги мураккаб тоифага кирувчи Боғишамол маҳалласида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижадорлиги таҳлил қилинди.
Ушбу маҳалланинг алоҳида хусусияти шундаки кундалик келиб кетувчи фуқаролар ва сайёҳлардан ташқари доимий яшовчилар сони 17 858 нафарни ташкил этади. Маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш мақсадида 1-сонли Ички ишлар бўлими 102 ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан танишилди.
Маҳаллани рақамлаштириш ва камералаштириш, жиноятчилик ҳолати, “ижтимоий профилактика” тизими, аёллар ва вояга етмаганлар жиноятчилиги, ишсизлар, узоқ муддатга кетганлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.
Ўтган йилнинг ўзида маҳалла ҳудудига 166 та кузатув камералари ўрнатилиб, профилактика инспектори хонасида ташкил этилган “Вазиятлар маркази”га интеграция қилинган, бу билан маҳалла ҳудудига кириб-чиқаётган автотранспорт воситаларини идентификация қилиш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш, профилактик ва пробация ҳисобдаги шахсларни назорат қилиш имконияти яратилди.
Камералаштириш натижасида ўтган йилда 2 нафар қидирувдаги ва 5 нафар бедарак йўқолган шахслар, 8 нафар пробация чекловини бузиш ҳолатлари, 5 та жиноятлар ва 21 та йўқолган буюмлар аниқланишига эришилган.
Ички ишлар вазири томонидан вилоят ҳамда шаҳар ички ишлар бошқармаси масъулларига, маҳалла ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт жиловлаш ҳамда ходимларнинг тун-у кун самарали хизмат олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари ҳамда Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан уч сменали, узлуксиз хизматни ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Хусусан, Термиз шаҳри “Фаровон“ массивида кечаю-кундуз фаолият олиб бораётган 24/7 сайлгоҳ кўчасида фуқаролар оқими ортиб боришини инобатга олган ҳолда жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб этилган ходимларга хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш ва қулайлик яратиш мақсадида кичик 102 маскани қуриш, автотураргоҳлар сиғимини кенгайтириш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Бу борадаги ўрганиш ишлари барча худудлар бўйлаб давом эттирилмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати






