Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва С.A. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университетининг Тошкент филиали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-02-01 00:00:00 / Янгиликлар

Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда С.A. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университетининг Тошкент филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад — бугунги кунда кенг тарқалаётган ижтимоий иллатлар, хусусан, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар ҳамда ёшлар ўртасида оммалашиб бораётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг бошқа турларини талабаларнинг ижодий ишлари орқали профилактика қилиш, уларнинг барвақт олдини олишдан иборатдир.
Ҳамкорлик доирасида:
· ижтимоий мавзулардаги қисқа метражли фильмлар, ҳужжатли лойиҳалар ва роликлар яратиш;
· ёш ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиш;
· жиноятчиликнинг замонавий кўринишлари бўйича илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
· ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот материалларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Тадбирда юртимизнинг таниқли ижодкорлари, фан ва маданият арбоблари, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар мазкур ҳамкорлик ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни турли ёт ғоялардан асраш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Ушбу Меморандум ижод ва ҳуқуқий профилактика йўналишида янги босқични бошлаб бериши, санъат орқали жамиятдаги долзарб муаммоларнинг асл моҳиятини фуқароларимизга етказишга хизмат қилиши кутилмоқда.






