Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Навоий вилоятида ўрганишлар олиб борилди
2026-02-18 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлари ҳамда соҳани такомиллаштиришга доир ПҚ–111-сонли қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Навоий вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Нематжонович Сатторов томонидан Навоий вилоятда бир қатор ўрганишлар олиб борди.
Ташриф давомида дастлабки манзил сифатида Навоий шаҳридаги криминоген вазияти оғир «Ватан» маҳалласида олиб борилган ўрганишларда Президентимизнинг жорий йил 27 январь куни ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Бу борадаги мавжуд муаммолар танқидий руҳда муҳокама этилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Навбатдаги манзил вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бўлди. Замонавий технологияларни соҳага жорий этиш аҳволи Тезкор бошқарув маркази фаолияти мисолида таҳлил қилинди. Раҳбарларга жамоат жойларидаги хавфсизликни тўлиқ рақамлаштириш орқали жиноятчиликни жиловлаш самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди.
Шундан сўнг, Навоий шаҳар ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор-штаб фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида мазкур штаб фаолияти танқидий-таҳлил қилинди.
Навоий шаҳридаги аҳоли гавжум жойлар, кўнгилочар масканларда фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминлаш аҳволи кўздан кечирилиб, тунги хизматга жалб этилган ходимлар билан суҳбатлашилди. Хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида ўтказилаётган ўрганишлар вилоят ҳудуди бўйлаб давом этмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати









