Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг Бухоро вилоятига амалий сафари: Иккинчи кун тафсилотлари ва белгиланган вазифалар
2026-02-15 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Диёрбек Сатторов Бухоро вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ходимларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида ўз ишини давом эттирди.
Ўрганишлар давомида бир қатор объектлар кўздан кечирилиб, соҳани ривожлантириш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.
Хусусан, ўрганиш ишлари Бухоро вилояти ИИБ учун янгитдан барпо этилаётган маъмурий бинодаги қурилиш жараёнлари билан танишишдан бошланди. Вазир ўринбосари қурилиш сифатини назорат қилиш ва бинони замонавий талаблар асосида фойдаланишга топшириш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берди.
Навбатдаги манзил, яқинда тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган Когон тумани ИИБ маъмурий биноси бўлди. Бу ерда ходимларнинг хизмат олиб бориши ва фуқаролар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.
Ташриф давомида, Когон тумани ИИБ фаолиятини «Чилонзор тажрибаси» асосида ташкил этиш бўйича криминоген вазиятни шунчаки рақамлар орқали даврий таққослашдан воз кечиб, ҳар бир жиноятнинг туб сабаблари ва шароитларини таҳлил қилишга асосланган янги иш тизимига ўтиш вазифаси юклатилди.
Шундан сўнг, Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида кенг қамровли ўрганишлар ўтказилди, қўриқлаш хизмати фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш режалари акс этган тақдимот намойиш этилди. Навбатчилик қисми, Мониторинг маркази ҳамда 3-сонли Техник қўриқлаш маркази фаолияти кўздан кечирилди.
Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг шайлиги, махсус автотранспортлар ва экипировкалари кўздан кечирилди. Бинодаги спорт зали, «Октагон» майдончаси ва спорт инвентарлари билан танишилди. Хизматни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.
Вазир ўринбосари Пробация хизмати фаолиятини ўрганиб, бу борада «Бухоро тажрибаси»ни яратиш бўйича топшириқлар берди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасида бўлиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар доирасида, кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан аниқ кўрсатмалар белгиланди.
Шундан сўнг, вилоят ИИБда ИИВ Академияси билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги «С. Айний» маҳалласида жиноятчилик омилларини илмий ёндашув асосида таҳлил қилиш тажрибаси тақдимот қилинди.
Жараёнда, олий таълим муассасаларида талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва ижтимоий профилактикани кучайтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар сабабларини аниқлаш ва мониторинг қилишнинг ягона электрон базасини яратиш каби таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Бошқарма бошлиғининг ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи томонидан тергов йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот намойиш этилди.
Эксперт ва тергов гуруҳи ходимларининг малакасини ошириш бўйича доимий ўқув семинарларини ташкил этиш масалалари билан боғлиқ мулоҳазалар билдирилди.
Ташриф якунида Шофиркон тумани ИИБ фаолияти ўрганилди. Туманда 2025 йилда амалга оширилган ишлар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1 ва ПҚ-2 қарорлари асосида 2026 йил давомида жиноятчиликни жиловлаш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича масъуллар бириктирилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









