Янги Ўзбекистон ёшлар сиёсати амалда: Қорақалпоғистонда хавфсиз жамият, барқарор тараққиёт ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган очиқ мулоқот
2026-01-25 08:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда, Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Орынбаев, ёшлар, ўқувчи ва талабаларнинг келажагига масъул бўлган барча ташкилотлар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этдилар.
Учрашув жараёнида, ўтган хатоларидан ўринли хулоса чиқарган ҳолда бугун жамиятда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлишга интилаётган, пробация ҳисобидаги ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган уюшмаган ёшларнинг муаммолари атрофлича тингланиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда 400 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, ўз мурожаатларини тўғридан-тўғри вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига йўллаш имкониятига эга бўлишди. Тадбиркорликни йўлга қўйиш, чет тиллари, ахборот технологиялари ва бошқа замонавий касбларни ўрганиш, ишга жойлашиш каби масалалар юзасидан йўлланган мурожаатларнинг 38 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди. Яна қўшимча 26 та мурожаат юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Тадбирда, ёшлар орасида иқтидорларни кашф этиш, спорт, таълим, ҳунармандчилик ва кичик бизнесга жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ва ўз келажагини қуришга бугундан кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди. Ёшлар жиноятчилиги кўп кузатилаётган ҳудудлар, маҳаллалар ва таълим муассасалари билан алоҳида иш олиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Айниқса, Темурбеклар мактаби ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академик лицейларида уюшмаган ёшларнинг қамровини кенгайтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида масъулиятни ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Вояга етмаганлар, ўқувчи ва талабаларни жиноят кўчасига кириб қолишини олдини олиш бўйича тизимли фаолиятни йўлга қўйиш, айниқса мактабларга бириктирилган инспектор психологлар таълим муассасалардаги турли хавфларга, ёшларнинг характеридаги ўзгаришларга тезда муносабат билдириб, бу тоифадаги ёшлар билан якка тартибда шуғулланиш бўйча вазифалар белгиланди.
Учрашув сўнгида фан-таълим, спорт ва маданият соҳаларида тенгдошларига ўрнак бўлаётган 23 нафар иқтидорлик ёшлар тақдирланди. Шунингдек 16 нафар тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагидаги иштирокчиларга зарурий жиҳозлар ва техник қурилмалар топширилди.
Бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқот жараёни келажак эгалари учун янги марраларни белгилаш, жамиятга ҳар томонлама манфаатли шахс бўлиб етишишда йўлида муҳим туртки бўлди.









