Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Ички ишлар вазирлигида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди
2026-01-14 19:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда вазирлик раҳбарияти, халқимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ички ишлар органларининг шахсий таркиби, соҳа фахрийлари ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.
Тантанали маросимни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов очиб берди ва давлат раҳбарининг байрам муносабати билан Қуролли Кучлар тизимига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Юрт тинчлигининг муҳим асоси бўлган ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва хизмат шароитларини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларга ҳақида тўхталиб ўтилди. Тизимни фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган, ҳар бир ходим Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни – олий бурчи деб биладиган, барча саъй-ҳаракатларини инсон қадри учун йўналтирган профессионал тузилмага айланганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида ходимларнинг хизмати юксак эътироф этилиб, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида 7 нафар ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофотларига, шунингдек Ички ишлар вазири буйруғи билан хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган 631 нафар ходимлар турли идоравий мукофотларга сазовор бўлдилар.
Муносиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган ходимларга навбатдаги махсус унвонлар ҳам тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга тадбир давомида узоқ йиллардан бери ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, ёш авлодга ўзининг бой тажрибаси ва билимларини улашиб келаётган 3 нафар ходим тантанали равишда истеъфога кузатилди.
Байрам тадбири давомида фахрийлар, мукофотларга сазовор бўлган илғор ходимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, Ватанга ва халққа ҳалол, садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиш ҳар бир инсон учун юксак шараф ва масъулиятли бурч эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.









