Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги ўрганишлари: маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, криминоген вазият, энергетика ва ижтимоий объектлар эътибор марказида
2026-01-08 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятни барқарор сақлаш ҳамда аҳоли осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда ўрганилди.
Ўрганишлар давомида, аввало, маҳаллаларда Янги йил байрам тадбирларининг тинч ва осойишта ўтиши, мавсумий энергия ресурслари билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, ижтимоий объектларда, хусусан таълим ва тиббиёт муассасаларида иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, таълим мавсуми олдидан умумтаълим мактабларининг ўқувчиларни қабул қилишга тайёргарлиги манзилли таҳлил қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишиб, мутасадди раҳбарлар ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида ўтказилган учрашувда 2025 йил якуни бўйича ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар батафсил сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, вилоятда янги ташкил этилган Тезкор бошқарув маркази фаолияти тақдим этилди. Марказ мутахассислари томонидан сунъий интеллект асосида ишловчи замонавий платформа имкониятлари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдиндан аниқлашда унинг аҳамияти, шунингдек, ҳудудда рақамлаштириш жараёнларининг ҳозирги ҳолати юзасидан кенг қамровли маълумот берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Риштон туманида криминоген вазияти оғир ҳисобланган «Марказ» маҳалла фуқаролари йиғинида ҳам ўрганишлар олиб борилди. Маҳалладаги «еттилик» аъзоларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти, профилактика инспектори билан ҳамкорлик механизми таҳлил қилиниб, маҳалла фаоллари билан мулоқот давомида ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, Қўқон шаҳридаги «мураккаб» тоифага кирувчи «2-Шалдирамоқ» маҳалласида амалга оширилаётган профилактик ишлар билан ҳам танишилди. Маҳаллада криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ижтимоий профилактика масалалари, назоратдаги шахслар билан манзилли иш олиб бориш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар якунида шаҳар ва туман масъуллари билан ўтказилган учрашувларда энергия ресурслари билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, ижтимоий объектларда иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, таълим муассасаларининг янги ўқув мавсумига тайёргарлиги масалалари муҳокама қилиниб, 2026 йилда маҳаллаларда хавфсиз, тинч ва осойишта муҳитни яратишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.






