Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Анварович Ташпулатовнинг Янги йил муносабати билан байрам табриги
2026-01-01 00:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларини, таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини, тингловчи-курсантларини, тизимда кўп йиллар хизмат қилган қадрли фахрийларимизни ҳамда эл-юрт осойишталигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларимизнинг оила аъзоларини ҳамда барча юртдошларимизни Янги йил байрами билан самимий муборакбод этаман.
Якунланаётган йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим ислоҳотлар, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида қилинган эзгу ва самарали ишлар билан ёдда қолди. Янги йил эса бизни янги марралар ва улкан режалар сари чорламоқда. Буни куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга қилган мурожаатларини тинглаб яна бир бор ҳис этдик.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани барчамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу ташаббус маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини кафолатлашга хизмат қилади. Бу эса барча соҳа вакиллари сингари халқимиз билан ҳамиша ҳамнафас бўлган ходимлар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Бу талаб ва вазифалардан келиб чиқиб, ички ишлар органлари ходимлари 2026 йилда ҳам халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш, эл-юртимиз осойишталигини, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларимиз хотиржамлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратларини сафарбар этадилар.
Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, файзу барака ва фаровонлик олиб келсин. Кўнглингиздаги барча эзгу ниятларингиз рўёбга чиқсин!
Янги 2026 йил барчангизга муборак бўлсин!
Азиз Ташпулатов,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант
