Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва топшириқлари ижроси доирасида аҳоли муаммоларига эътиборни кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда уларни тизимли ҳал этиш амалиёти ҳақида
2025-12-29 08:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда аҳоли муаммоларига эътибор барча давлат органлари фаолиятида асосий мезон сифатида мустаҳкамланиб бормоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг 28 декабрь куни Ички ишлар вазирлиги масъул раҳбарлари иштирокида фуқаролар билан шахсий қабул ташкил этилди.
Қабул давомида вазирлик тизими фаолиятига оид турли йўналишлар бўйича жами 461 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатларини амалга ошириш, кадрлар билан боғлиқ масалалар билан боғлиқ.
Мазкур мурожаатларнинг 249 таси (54%) тезкор тарзда, ҳуқуқий асослар билан ижобий ҳал этилди. Қолган 212 та мурожаат (46%) бўйича эса қўшимча ўрганиш ва соҳавий органлар билан ҳамкорликда чоралар кўриш талаб этилгани боис, улар назоратга олиниб, ижроси бўйича масъулларга аниқ топшириқлар юклатилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан жойларда ўтказилган шахсий қабуллар давомида 248 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 102 таси (41%) қабул жараёнидаёқ ижобий ҳал этилди, 146 та мурожаат (59%) эса қўшимча ўрганиш ҳамда назорат асосида ҳал этилиши учун юборилди.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида нафақат мавжуд муаммоларни ўрганиш, балки аҳоли реал эҳтиёжларини аниқлаш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва уларни тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Якунига етаётган йил Ички ишлар вазирлигининг соҳавий ва ҳудудий бўлинмалари учун ҳар томонлама самарали ва очиқ мулоқотларга бой йил сифатида эсда қолди. Йўлга қўйилган тизим келгуси йилда ҳам қатъий давом эттирилиб, ҳар бир мурожаат ортида турган улкан масъулиятни ҳис этган ҳолда хизмат фаолияти ташкил этилади.









