РАСМИЙ АХБОРОТ
2025-12-24 17:15:00 / Янгиликлар

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўрнатилган фото-видео қайд этиш тизими орқали аниқланган транспорт воситалари ва уларнинг давлат рақам белгилари, ҳодиса жойи координациялари, унинг қоидабузарлиги тўғрисидаги маълумотларни интернет тармоғи орқали олиш имконияти борлиги, бу эса ўз навбатида республика бўйлаб ҳаракат қилаётган транспорт воситаларини кузатиш имконини бериши қайд этилган.
Мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2024 йилдаги бир нечта қарорлари ҳамда ВМнинг иккита қарори асосида республика ҳудудида 5000дан зиёда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари ўрнатилган.
Ўрнатилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари тадбиркорлик ва бошқа суъбектлар томонидан 14 турдаги ахборот тизими орқали қайд этилади ва аниқланган ходисалар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими “Маъмурий амалиёт” модулига юборилади.
Мазкур ахборот тизимлари 3 босқичли киберхавфсизлик экспертизаларидан ўтказилиб, хавфсизлик тартиби таъминланиши кафолатланган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 21-апрел кунидаги 232-сонли карори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий-техник воситаларига доир техник талаблар»ига кўра:
- қайд этилган транспорт воситасининг уч ҳолатдаги фотосурати (транспорт воситаси, унинг давлат рақами белгиси, қоидабузарлик содир этилган ҳолатнинг умумий кўриниши);
- қоидабузарлик қайд этилган вақт (кун, соат, дақиқа);
- транспорт воситасининг тезлиги (km/h);
- қоидабузарлик аниқланган манзил (туман (шаҳар), кўча, автомобиль йўлининг километри ёки мўлжал);
- қоидабузарлик аниқланган манзилнинг GPS координатаси;
- ҳолат акс этган 6 — 10 сониядан иборат видеолавҳа ва унинг ҳаволаси тўғрисидаги маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулига тақдим этилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали аниқланган қоидабузарликларни хуқуқбузар “Жарима солиш тўғрисидаги қарор”даги QR-код орқали қоидабузарликнинг видео лавхалари ва фото суратларини “cloud.yhxx.uz” web сахифаси орқали кўриш имконияти яратилган.
Маълумот учун, cloud.yhxx.uz веб-саҳифаси фуқароларга ўз жарималарини электрон кўринишда кўриш имконини бериш учун ишлаб чиқилган. Ушбу саҳифага кириш махсус, уникал тарзда генерация қилинган ҳавола орқали амалга оширилади.
Фуқаро ушбу ҳаволага QR-кодни сканерлаш орқали ёки махсус мобил иловалар (road24, saferoad) орқали кириб, фақат ўзига тегишли бўлган жарима ҳақидаги маълумотларни кўриши мумкин. Бунда, ҳуқуқбузар тизимга интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри, логин ва паролсиз, фақат берилган ҳавола орқали киради.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, қоидабузарликларнинг видео лавҳасида ҳеч қандай шахсга доир маълумотлар мавжуд эмас.
Шунингдек, мақолада фото видео қайд этиш тизимидаги заифлик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаментига хат билан мурожаат қилинганлиги, бироқ жавоб берилмаганлиги маълум қилинган.
Ички ишлар вазирлиги хамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юқоридаги мазмундаги мурожаат келиб тушганлиги аниқланмади.
Шу билан бирга, 2025 йил 17-декабрь куни “Киберхавфсизлик маркази” ДУКга “cloud.yhxx.uz” веб-ресурсида заифликлар борлиги ҳамда шахсга доир маълумотлар очиқ ҳолда қолдирилганлиги тўғрисида Zack Whittaker zack.whittaker@techcrunch.comдан мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаат ўрганилиб, унда келтирилган заифликлар ва шахсга доир маълумотлар аниқланмаганлиги хақида мурожаат муаллифига жавоб хати берилган.
Мақоладаги холатларга аниқлик киритиш мақсадида, мутахассислар томонидан платформанинг хавфсизлик механизмлари ўрганилди ва белгиланган хавфсизлик нормаларига тўлиқ жавоб бериши аниқланди.
Маълумот учун: Қоидабузарликларни аниқловчи фото видео қайд этувчи қурилмалар ўрнатилган локациялар тўғрисидаги маълумот очиқ хисобланиб, ушбу маълумотлар очиқ манбаларда, online хариталарда ва антирадар қурилмаларида янгиланиб борилади.
Мазкур ахборот юзасидан мамлакатимиз ОАВларига ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Марказий компьютерлаштирилган бошқарув тизими ва хавфсизлик чоралари таништирилди.
