Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар бўйича Давлатлараро кенгашнинг XXXVIII йиғилишида нутқ сўзлади
2026-11-13 16:35:00 / Янгиликлар

Таъкидлаш жоизки, Давлатлараро кенгаш йиғилишларида анъанавий тарзда МДҲга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича масъул идоралари раҳбарлари иштирок этади. Мазкур тадбир иштирокчи давлатларнинг қутқарув идоралари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ушбу йўналишда янги ташаббусларни илгари суриш учун самарали мулоқот майдони ҳисобланади. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов ҳам маъруза билан иштирок этди. Вазир ўз нутқининг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади фавқулодда вазиятларга жавоб қайтаришдан уларнинг олдини олиш, хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва инсон ҳаётини асраб қолишга устувор аҳамият қаратишдан иборат экани таъкидланди. Мазкур ёндашув ўз самарасини бериб, фавқулодда вазиятлар сонининг камайишига хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, вазирликнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш, кадрлар салоҳиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, ФВВ Академиясининг трансформация қилиниши, унинг фаолияти халқаро стандартларга мувофиқ янги вазифа ва имкониятлар билан кенгайтирилгани бунга мисол сифатида келтирилди. Ўз нутқи давомида генерал-майор Азизбек Икрамов МДҲ давлатлари ўртасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қатор таклифларни ҳам илгари сурди. Билдирилган ташаббуслар йиғилишнинг бошқа иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Бундан ташқари, йиғилиш доирасида фавқулодда вазиятлар бўйича идоралар раҳбарлари форум майдонида ташкил этилган махсус техникалар кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишдилар.









