Фавқулодда вазиятлар вазири Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди
2026-10-18 16:30:00 / Янгиликлар

Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов Самарқанд вилоятида бўлиб, ҳудудда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш, қутқарув тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда шахсий таркиб учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб вазир Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази шахсий таркиби билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, ходимларнинг касбий маҳорати ва билимларини мунтазам равишда такомиллаштириш, шунингдек, хизмат интизомига қатъий риоя этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шундан сўнг вазир ҳудуддаги бир қатор қутқарув қисмларида бўлиб, уларнинг кундалик фаолияти, моддий-техник таъминоти, мавжуд техника ва асбоб-ускуналарнинг ҳолати, шунингдек, қутқарувчиларнинг самарали хизмат олиб бориши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Шунингдек, янги барпо этилаётган қутқарув қисмларидан бирида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишиб, объектнинг белгиланган талаблар асосида барпо этилиши, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида якунланиши ҳамда келгусида ходимлар учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Вазир Малака ошириш марказида ҳам бўлиб, таълим жараёнининг ташкил этилиши, ўқув хоналари ва мавжуд инфратузилма, тингловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, замонавий ёндашувлар асосида ўқув машғулотларини ташкил этиш ва таълим сифатини янада яхшилаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўрганишлар якунида масъул раҳбарларга аниқланган масалаларни бартараф этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, шахсий таркиб учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.






